Қатар Исроилга қарши барчани бир жойга тўпламоқда – Weekend
Таҳлил
−
14 Сентябрь 16563 12 дақиқа
Россия НАТО ҳудудига ҳужум қилгани, Исроил эса Қатарга зарба бергани учун дунё давлатлари кенг муҳокамаларни бошлаб юборди. Ушбу воқеликлар атрофидаги кескинлик юқори даражада.
Кутилмаганда бош кўтариб қолган непаллик болалар анча ховуридан тушди. Улар ўзларига еткачи танлади ва уни ҳукуматга ўтказишга эришди.
Трампнинг қўрқинчли туши яна фаоллашди. Нью-Йоркнинг илк мусулмон мэри бўлиши кутилган Зоҳран Мамдани қолгалардан анча олдинда. Боз устига у мэр бўлса, Нетаньяхуни ҳибсга олишга тайёр.
Жорий ҳафтада балки йил қотиллиги бўлишга номзод воқеанинг гумондори ушланди. Чарли Киркни 22 ёшли йигит ўлдирганлик айбланмоқда.
Жорий ҳафта давомида жаҳонда содир бўлган шу каби воқеалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Weekend дастурида танишинг.
Нью-Йоркнинг бўлажак мэри Нетаньяхуни қамамоқчи
АҚШ сиёсатида аллақачон катта машҳурликка эришиб улгурган Зоҳран Мамдани яна эътибор марказига қайтди. Сиёсий қадрият ва принциплари бўйича социалист бўлган бу ёш сиёсатчи Нью-Йорк мэри лавозимига сайланиш имконияти юқори бўлгани боис дунё эътиборига тушганди. Аммо унинг машҳурлиги ортида, асосан, икки сабаб ётади. Бу Зоҳран Мамданининг мусулмон экани ва агарда мэрликка сайланса, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Нью-Йоркка келса, уни ҳибсга олишга ваъда бериб келишидир. Зоҳран ўзининг ушбу сайловолди ваъдасини жорий ҳафтада яна такрорлади.
Қизиғи шундаки, айни дамда у Нью-Йоркнинг бўлажак мэри бўлишга ҳар қачонгиданда яқин. Сўнгги сўровлар Мамданининг имкониятини жуда юқори баҳоламоқда. NYT томонидан ўтказилган сўровномаларга кўра, Нью-Йорк мэри лавозимига номзод бўлган 4 нафар сиёсатчи орасида энг олдинда кетмоқда ва ўзининг энг яқин тақибчиси бўлган Эндрю Куомода анча илгарилаб кетган.
Масалан, Зоҳран Мамданига овоз бермоқчи бўлганлар нақд 46 фоизни ташкил қилмоқда. Куомода эса бу кўрсаткич бор йўғи 24 фоизни ташкил этади. Яна бир номзод Кёртиса Сливада 15 фоиз бўлса, ўзбек тадбиркорлари билан отамлашганликда гумон қилинган Эрик Адамснинг натижаси 5 фоизгина холос. Тўғри, бу ҳозирча фақатгина оддий сўровнома. Аммо Зоҳраннинг мазкур сўровларда сезиларли фарқ билан устунлик қилиши унинг кейинги Нью-Йорк мэри бўлиши ҳақидаги тахминларни янада кучайтирмоқда.
Сайловда яққол фаворитга айланган Зоҳран Мамданига алоҳида тўхталадиган бўлсак, у Америка Демократик Социалистлари аъзоси. Унинг ота-онаси ҳинд мусулмонлари бўлиб, Мамдани Уганданинг Кампала шаҳрида туғилган ва 2018 йилда Америка фуқаролигини олган. Мамдани шиа мусулмони ҳисобланади. У Мэн штатидаги Бовдоин коллежида ўқиган ва у ерда мактабнинг Фаластинда адолат учун талабалар бўлимига асос солган. 2014 йилда коллежни Африка тадқиқотлари бўйича бакалавр даражаси билан тамомлаган. Нью-Йоркнинг илк мусулмон мэрига айланиш имкониятига эга Мамдани сайловда ғолиб бўлса, Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун ҳаракат қилишини анча вақтдан буён айтиб келади.
Албатта, Ғазо "қассоби" Нью-Йоркка ташриф буюргудек бўлса, Мамданида назарий жиҳатдан қисман бўлсада бундай имконият мавжуд бўлади. Аммо амалий томондан бу мутлақо имконсиздек кўринмоқда. Чунки биринчи навбатда АҚШ Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берган ХЖСнинг Рим статутини ратификация қилмаган. Шу боис, федерал миқёсда Қўшма Штатлар бундай мажбуриятни бажаришга мажбур эмас. Бундан ташқари, Америка нашрлари Нетаньяхуни ҳибсга олиш – федерал қонунни бузиш экани ҳақида ёзмоқда. Бироқ, нима бўлган тақдирда ҳам Зоҳран Мамданининг бу ваъдаси Нью-Йоркда жуда кучли реакцияга сабаб бўлиши ва унинг рейтингини кўтариб юбориши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Непаллик исёнчи болалар ўзига бош топишди
Непалда болалар инқилоби содир бўлгач, ёш авлод мамлакат ҳукуматига каттагина сабоқ бериб қўйди. Мактаб ўқувчиларидан тортиб, асосан, 25 ёшгача бўлган ёшлар ўзларида шаклланиб келган нафратни тўкиб-сочди. Парламент ва вазирликлар бинолари эгалланди, ёқилди ва шикаст етказилди. Намойишларда жами ҳисобда 51 киши ҳалок бўлди, 1300 дан ортиқ инсон яраланди. Улар Бош вазирдан тортиб Президентгача барча барча амалдорларни тавбасига таянтирди. Дастлаб ёшларнинг аниқ бир етакчиси йўқлиги сабаб ҳукумат ким билан гаплашиши ноқаниқ эди. Бу орада Непал ҳукумати ағдарилди. Бош вазир ва қатор вазирлар истефога чиқиб, вертолётларда эвакуация қилинди. Инқироз шароитида собиқ бош вазир Шарма Оли, Ички ишлар вазири ва яна икки вазир ғазабга тўлган Непал ёшларидан панага қочишга улгурди.
Вазият издан чиқди, аммо орадан кўп ўтмай непаллик ёшлар ҳовуридан тушишди. Чунки улар ишни ҳукуматга ўзлари хоҳлаган инсонни олиб келиш билан якунлади. Непал Олий судининг собиқ судьяси Сушила Карки муваққат бош вазир этиб тайинланди. Непал Президенти Рам Чандра Паудел 73 ёшли ушбу аёлни бу лавозимга тайинлади ва Карки 12 сентябрь куни қасамёд қилди. Шундай қилиб, Карки Непалдаги биринчи аёл Бош вазирга айланди. Унинг номзоди ёш намойишчилар етакчилари томонидан таклиф қилинган. Чунки Карки Z-авлод норозиликларининг энг асосий сабаби бўлган мамлакатдаги коррупцияга қарши курашиш бўйича яхши танилган. У эндиликда Непал Вазирлар Маҳкамасига 2026 йилнинг март ойида бўлиб ўтиши мумкин бўлган кейинги сайловларга қадар раҳбарлик қилиши кутилмоқда. Бунгача эса Бош вазир лавозимига рэп юлдузи ва собиқ тележурналист каби икки номзод илгари сурилганди, Аммо якунда болалар ва ўсмирлар томонидан судья Сушила Карки танланди.
Киркнинг беваси унинг ишини давом эттирмоқчи
Консерватив фаол, анъанвий қадриятлар тарғиботчиси, Исроилнинг Ғазодаги геноцидларини ёқлаб келган ва Президент Дональд Трампнинг ашаддий тарафдори бўлган Чарли Киркнинг отиб ўлдирилиши жорий ҳафтада бутун дунё эътиборини торган воқелик бўлди. Орадан кўп ўтмай, 33 соат ичида уни ўлдиришда гумонланиб, 22 ёшли Тайлер Робинсон ҳибсга олинди. Ҳодиса жойида топилган милтиқ ва ўқ-дориларда антифашистик хабарлар ўйиб ёзилгани аниқланди. Робинсон ишлатган ва университет яқинидаги ўрмонзорга ташлаб кетгани айтилаётган милтиқнинг ўқ гилзаларидан “О белла чао” деган сўзлар топилган бўлиб, бу италянча антифашистик қўшиққа ишора қилади. Унинг оила аъзоларидан бири терговчиларга Робинсон сўнгги йилларда кўпроқ сиёсийлашгани ва айниқса, Киркка қарши чиққанини маълум қилган.
Юта штати губернатори Спенсер Кокснинг айтишича, 11 сентябрь кечаси Робинсоннинг қариндошларидан бири оилавий дўстига мурожаат қилган ва ўша дўст Вашингтон округи шерифига хабар берган. Робинсон “яқинларига жиноятни содир этганини тан олган ёки шунга ишора қилган”. Кокснинг сўзларига кўра, Робинсоннинг қариндошларидан бири терговчиларга яқиндаги оилавий кечки овқатда у Киркнинг Юта Водийсида бўлиб ўтадиган тадбири ҳақида гапирганини, “Киркни нега ёқтирмаслигини ва унинг қарашлари ҳақида мунозара қилганини” айтган. Робинсон Юта штатидаги Вашингтон шаҳрида ўсган ва 2021 йилда Сент-Жорж'даги Pine View мактабини тугатган. У ўрта мактабдаги яхши таълим натижалари учун Юта давлат университетига грант ютиб олган, аммо бир семестрдан кейин ўқишини ташлаб кетган. Ижтимоий тармоқдаги суратларда Робинсон полиция тарқатган гумонланувчи тасвирларидаги каби кулранг Converse оёқ кийими ва кўзойнак таққанини кўриш мумкин.
Киркнинг ўлими шубҳасиз катта воқелик бўлди. Чунки у жуда зиддиятли шахс сифатида танилган. Масалан Чарли қандай одам бўлганига бир сўз билан аниқ таъриф бериш қийин. Чунки у бир томондан инсоний қадриятлар, жумладан, оила институтининг муҳимлиги ва бошқа шунга ўхшаш принципларни тарғиб қилган бўлса, бошқа томондан Исроилнинг Ғазодаги геноцидини очиқчасига қўллаб-қувватлаган. У ҳатто Фаластиннинг мавжудлигига ҳам қарши бўлган ультраисроилпараст фигура эди. Эндиликда эса унинг мазкур тарғиботларини ўлимидан сўнг беваси Эрика Кирк давом эттирмоқчи. 12 сентябрь куни Эрика марҳум эрининг ўриндиғи ёнида туриб, баёнот берди. Унга кўра, Чарлининг ҳаракатлари ўлмайди ва бунга Эрика йўл қўймайди. Бундан ташқари, Эрика Чарлининг ўлимига сабабчи бўлганлар эндиликда бир бева аёлнинг юрагида қандай олов ёққанини тасаввур ҳам қила олмаслигини айтди.
Киркнинг беваси, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп, АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс ва эрига “ғамхорлик кўрсатган” барча тарафдорларига минатдорлик билдирди.
Эрика Киркнинг ўзига қисқача тўхталадиган бўлсак, у тадбиркор ва Miss Arizona USA танлови ғолибаси бўлиб, ҳозирда Библия тадқиқотлари бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилмоқда. У турмуш ўртоғи билан 2018 йилда танишган ва ундан ўғил ва қиз фарзанд кўрган. Маълумотларга кўра, Эрика Кирк ва унинг бир ёшли ўғли, уч ёшли қизи эри отиб ташланган вақтда томошабинлар орасида бўлган.
Қатар ҳаммани бир жойга тўпламоқда
Исроилнинг Доҳага қилган ҳужумидан сўнг, 11 сентябрь куни Қатар Араб ва Ислом мамлакатларининг фавқулодда саммитини чақирди. Қатар Бош вазирининг маслаҳатчиси Мажид бин Муҳаммад Ал Ансорий Исроил ҳаракатларини қоралаш кун тартибидаги асосий масала бўлишини тасдиқлади. Саммитни шундай қисқа вақт ичида ташкил этиш сўнгги фожиали воқеалар фонида Қатар ҳамда Араб ва Ислом бирдамлигини намойиш этиш экани айтилмоқда. Доҳада бўлиб ўтадиган саммит Исроилнинг Қатар ҳудудига сўнгги ҳаво ҳужумларини қатъий қоралаган резолюцияни қабул қилишга қаратилган. Шунингдек, мамлакатлар Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини тўхтатиш, Яқин Шарқ минтақасида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш тўғрисидаги ҳужжатни киритиш ниятида.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио эса араб-ислом саммити арафасида Исроилга ташриф буюрди. Унинг мазкур ташрифи шарқ давлатлари Қатар билан бирдамлик эълон қилган бир пайтда Вашингтоннинг Исроилни қўллаш рамзи бўлиши мумкин.
Маълумотларга кўра, араб-ислом мамлакатлари саммитида давлат раҳбарлари ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Жумладан, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Доҳага ташрифи саммитнинг жиддий руҳда ўтишини таъминлаши мумкин. Эрон ва Ироқ раҳбарларининг ҳам 15 сентябрда Доҳага бориши тасдиқланган. Саммитнинг биринчи кунида Ташқи ишлар вазирлари йиғилиш ўтказади. Иккинчи кунида эса давлат раҳбарлари Исроилнинг Яқин Шарқдаги жиноятларига барҳам бериш бўйича муҳокама ўтказиши айтилмоқда.
Бунгача эса Қатарнинг ўзи АҚШ билан мазкур масалани муҳокама қилгани айтилди. Хусусан, АҚШ Президенти Дональд Трамп 12 сентябрь куни Қатар Бош вазири ва Ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний билан учрашган. Учрашувда нималар муҳокама қилинганига аниқлик киритилмаган, аммо томонлар Исроилнинг Доҳага берган зарбасини, шунингдек, Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича музокаралар ҳақида гаплашган бўлиши мумкин.
Айни дамда эса кўплаб араб давлатлари ҳамда минтақага яқин мусулмон мамлакатлар Исроилнинг кейинги қадамларидан хавотирда. Нетаньяху Доҳага зарба берганидан сўнг, ҲАМАС етакчиларига жой берган қолган давлатларга ҳам таҳдид қилганди. Шундан кейин Миср бу борада Исроилни огоҳлантирди ва Доҳага қилинган ҳужум Мисрга ҳам уюштириладиган бўлса, Қоҳира ҳам Тель-Авивга ҳудди шундай жавоб қайтариши айтилди. Қатар эса аллақачон ўз иттифоқчилари ва яқин ҳамкорлари билан алоқада. Расмий Доҳа Исроилга турли жавоб чораларини қўллаш имкониятларини муҳока қиляпти. Устига устак, Эроннинг юқори мартабали мулозимларининг Қатарга келиши ҳам Исроил учун ёқимли воқелик эмас. Шундай қилиб, форслар ва туркларни ҳам ўз ичига олган араб ва ислом давлатлари саммити бир қарашда Исроилга ниҳоят амалий жавоб қайтарадигандек кўринмоқда. Аммо бу фавқулодда йиғин яна қоралаш резолюцияси ва бошқа қуруқ қоғозлар жамланмасидан иборат натижасиз сиёсий тадбир бўлиш эҳтимоли ҳам юқори.
НАТО ва Россия уруш ёқасида турибди
Россия дрони бир неча кун олдин Польша ҳаво ҳудудига кириб келганидан кейин Европанинг шарқий қанотини ҳимоя қилишни кучайтириш ташаббуси билан НАТО янги операция бошлашга қарор қилди. “Шарқий қўриқчи” деб номланган бу операцияда Дания, Франция, Буюк Британия, Германия ва бошқа давлатлар иштирок этади. Ташкилот Бош котиби Марк Рютте Россия дронларининг “хавфли ва қабул қилиб бўлмайдиган” ҳаво ҳужуми “ягона ҳолат” эмаслиги, Москва НАТОнинг шарқий чегараларини ҳурмат қилмаётганидан нолиди.
Альянснинг Европадаги Олий қўмондони, АҚШ генерали Алексус Гринкевичнинг таъкидлашича, операция “мослашувчан ва тезкор” бўлади, унда кучайтирилган имкониятлар, ҳаво ва ердаги мудофаа тизимларининг уйғунлаштирилиши ҳамда иттифоқдошлар орасида маълумот алмашинувининг ошиши кўзда тутилган. Гринкевич операциянинг тўлиқ амалга ошиши учун вақт кераклигини, аммо дастлабки қадамлар “дарҳол” бошланишини қайд этди.
Альянс хабарига кўра, операция учун ажратилган жиҳозлар қаторида Даниядан иккита F-16 ҳарбий самолёти ва битта мудофаа фрегати, Франциядан учта Rafele, Германиядан тўртта Eurofighter жалб қилинган.
Бу ташаббус НАТО бу йил бошида Болтиқ денгизи кабелларига қилинган диверсияга жавобан ишга туширган “Болтиқ қўриқчиси” операцияси асосида ишлаб чиқилган. Гринкевичнинг сўзларига кўра, операция НАТО давлатларининг бутун шарқий қанотини – “узоқ шимолдан то Қора денгиз ва Ўртаер денгизгача” қамраб олади. Айни пайтда НАТО ўзининг шарқий қанотидаги аъзолари, жумладан, Польша ва Болтиқбўйи давлатларини хотиржамликка чақирмоқда.
Халқаро муносабат эса турлича. Масалан, 40 та давлат Россиянинг дронлар ҳужумини қоралаган бўлса, Трамп бу дронлар парвози хатолик туфайли юз берган бўлиши мумкин, дея баёнот берганди. Аммо кўп ўтмай Польша унинг ушбу сўзларига жавоб қайтарди. Польша Бош вазири Дональд Туск Россия дронларининг мамлакатга киришини “ҳужум” деб атади ва бу хато эмаслигини айтди. Польша Президентининг халқаро сиёсат бўйича идораси раҳбари Марсин Пшидичнинг маҳаллий оммавий ахборот воситаларига айтишича, мамлакатда 10 сентябрь куни Россия томонидан Польшага камида 21 та дрон йўллангани ҳақида маълумот бор, аммо ҳаммаси топилмаган. Унинг таъкидлашича, баъзи дронлар ҳаво ҳудудини кесиб ўтиб, қайта кирган бўлиши мумкин.
НАТО Бош котиби Марк Рюттенинг таъкидлашича, НАТО 10 сентябрь куни содир бўлган воқеани баҳолашда давом этмоқда. У Россиянинг ҳаракатларини: "Aтайин қилингани ёки йўқ, барибир Россия НАТО ҳаво ҳудудини бузди", дея даъво қилмоқда. Шу боис, НАТО ўз ҳудудларини ҳимоя қилишга тайёр эканини кўрсатиш мақсадида “Шарқий қўриқчи” операциясини ўтказмоқда. Бироқ альянсда ҳозирча ҳалокатли 5-модда ишга тушмаган бўлсада, бу моддага етакловчи 4-модда амалда. Яъни, ташқи таҳдид эҳтимоли мавжуд бўлган шароитда НАТОга аъзо давлатлар маслаҳатлашув ўтказмоқда. Кўрамиз, воқеалар ривожи қай тарзда ривожланар экан. Бу анча қизғин жараён. Чунки у хоҳ ҳаводан, хоҳ сувдан, ёки қуруқликдан бўлсин, Россия ҳар доим ҳам НАТО чегараларини бузавермайди. Негаки, бу тўғридан тўғри урушга олиб келади.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь