АҚШ Қатардаги афғон қочқинлар лагерини ёпади
Олам
−
17:16 1128 2 дақиқа
АҚШ ҳукумати Қатардаги Сайлияҳ афғон қочқинлар лагери ёпилишини эълон қилди. Бу ҳақда “Hashte Subh” хабар берди.
Қайд этилишича, лагернинг ёпилиши сабабли 1 000 дан ортиқ қочқин ва уларнинг оилалари ушбу муассасани тарк этишига тўғри келади. Кеча, 30 март куни АҚШ Давлат департаменти вакили қочқинлар учинчи давлатга кўчишлари ёки Афғонистонга қайтишлари лозимлигини айтган.
Жамоат фаоллари лагернинг ҳеч қандай режасиз ёпилиши у ердаги инсонларнинг ҳаётини хавф остига қўйиши мумкинлигидан хавотирлик билдирган.
Кўпчилик қочқинлар 20 йиллик уруш давомида АҚШ кучлари билан ҳамкорлик қилган тинч аҳоли вакиллари бўлиб, уларнинг ярмидан кўпи аёллар ва болалар ҳисобланади.
“Лагердагиларнинг хавфсиз тарзда Афғонистонга қайтиши мумкин, деган ғоя нафақат аҳмоқона, балки жуда хавфли. АҚШ ҳукумати ўз ваъдаларини бажариб, ушбу шахслар учун хавфсиз ва аниқ ечим тақдим этиши мажбурдир. Улар йиллар давомида АҚШга кириш учун энг қатъий текширувдан ўтган тоифа ҳисобланади. Биз фақат ҳукумат ўз ваъдасини бажаришини сўраяпмиз. 31 март куни лагерни ёпиб қўйиш – бу ечим эмас. Чунки бу одамлар лагерни тарк этгач, қаерга бориши аниқ эмас”, деган қочқинлар ва мигрантларга ёрдам берувчи “Global Refuge” ташкилоти президенти ва бош директори Криш Омара Вигнаражаҳ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда очарчилик инқирози халқаро молиявий ёрдам етишмаслиги туфайли тобора оғирлашиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси