Йилнинг 4-уруши – Покистон Афғонистонни “тозалаш”га киришди – Weekend
Таҳлил
−
12 Октябрь 16718 10 дақиқа
Ҳафта охирига келиб 2025 йилдаги навбатдаги уруш аланга олиш арафасида турибди. "Эстафета таёқачаси"ни “Толибон” ва Покистон қабул қилиб олди.
Ғазода тинчликнинг илк манзаралари бўй кўрсатмоқда. Аммо бу манзараларнинг асосий қисми вайроналардир. Мисрда эса Ғазо бўйича келишув фонида ҳалокатли ҳодиса рўй берди. Трамп Нобель мукофотидан қуруқ қолди. Лекин бу кейинчалик АҚШнинг Венесуэлага бостириб кириши учун таъсир қилиш эҳтимоли борлигидан кўпчилик хавотир олмоқда.
Қозоғистон Россия устидан шикоят қилмоқчи. Муаммо Москванинг барча учун белгиланган мажбуриятларни бажармаётганида. Ортда қолган ҳафта давомида дунёда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ’нинг Weekend дастурида танишинг.
Яна янги уруш
9 октябрь куни кечқурун Афғонистон пойтахти Қобулда ва мамлакат шарқидаги Пактика вилоятида портлашлар содир бўлди. Эртаси куни “Толибон” мудофаа вазирлиги бунда Покистонни айблади. Бу орада Покистоннинг асосий душмани Ҳиндистон расмийлари билан музокаралар ўтказаётган “Толибон” ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Исломободни “афғонларнинг сабр-тоқатини синовдан ўтказмаслик ва улар билан ўйнашмаслик” ҳақида огоҳлантирди. Ушбу ҳаво зарбалари эса Афғонистондаги “Теҳрик ва Толибон Покистон” террорчи гуруҳларининг объектларига берилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Исломобод “Толибон”ни узоқ вақтдан бери мазкур гуруҳ жангариларига бошпана беришни тўхтатишга чақириб келади. Чунки 2021 йилдан бери ТТП жангарилари Покистон ҳудудида юзлаб хавфсизлик кучларини ўлдирган. Сўнгги ойларда Покистоннинг шимоли-ғарбий қисмида ТТП ҳужумлари кўпайган ва Покистон ҳукумати сабр-тоқати тугаганини эълон қилганди. Мудофаа вазири Хаважа Асиф бир кун аввал “сабримиз тугади” деди ва Покистон ўзини ҳимоя қилиш, жумладан, Афғонистон ҳудудида зарур чораларни кўриш ҳуқуқини сақлаб қолишини таъкидлади.
11 октябрь оқшомига келиб, Афғонистон ва Покистон чегарасида шиддатли қуролли тўқнашувлар бошланди. “Tolo News” нашри Афғонистоннинг Ҳилманд, Хост ва Нангарҳор вилоятларига ҳаво ҳужумлари уюштирилгани ҳақида хабар берди. Тўқнашувлар тахминан 2600 километр узунликдаги Афғонистон-Покистон чегарасининг муҳим қисмини қамраб олган. Афғонистон манбасига кўра, жанглар бутун Дуранд чизиғи бўйлаб – Афғонистон билан чегарадош етти вилоятда (жумладан, Кунар, Нангарҳор, Пактия, Хост, Пактика, Ҳилманд ва Қандаҳор) давом этмоқда. Айни вақтда афғон қўшинлари ҳам Покистоннинг бир қанча ҳудудларига ҳужум уюштирган. Хайбар вилоятининг жануби-ғарбий қисмида,
Балужистон вилоятининг Бармча туманидаги чегара постлари ҳужумга учраган. Шу таҳлитда қуролли тўқнашувлар шимолдан жанубга ҳам кўчган.
Айни дамда қурбонлар сони ошиб бормоқда. Афғонистоннинг “Tolo News” порталига кўра, отишмаларда камида беш Покистон аскари ҳалок бўлган, яна икки нафари яраланган. Толибон расмийлари эса ҳалок бўлган покистонликларнинг сонини 60 га яқин, демоқда. Покистоннинг бир неча ҳарбий техникаси ва инфратузилмаси вайрон қилинган. “Толибон”, шунингдек, Покистоннинг бир неча чегара постларини қўлга олганини ҳам даъво қилмоқда. Покистон томони эса ўз кучларига жиддий зарар етказилганини рад этиб, ҳужумни қайтаришда муваффақият қозонганини иддао қиляпти. Давлат телеканалининг ҳарбий расмийларга таяниб хабар беришича, Покистон армияси ўққа тутилган 19 та афғон чегара постини ўз назоратига олган. Исломободга кўра, қўлга олинган бу постларда “Толибон” аскарлари жойлашган, баъзилари ҳалок бўлди, қолганлари орқага чекинган. Покистон ҳарбийлари, шунингдек, бир неча афғон чегара постлари вайрон қилинганини ва ҳужумчи кучлар орасида “катта йўқотишлар” бўлганини даъво қилмоқда.
Ҳозирда Исломобод тўқнашувларга сабаб бўлган 9 октябрь тунидаги Қобулга ҳужумни тан олгани йўқ. Улар “Толибон”га, асосан, Ҳиндистон тақдирини эслатиш билан таҳдид қилмоқда. Покистон армияси матбуот котиби Аҳмад Шариф Чоудри матбуот саволларига жавоб берар экан, у Афғонистон Покистонга қарши террорчилик базасига айланганини таъкидлаб, армия фуқароларни ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўриш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, Қобулни ваъдаларини бажаришга ва ТТП жангариларига бошпана бермасликка чақирди, унинг таъкидлашича, акс ҳолда Исломобод ўзини ҳимоя қилишда қатъий қадамлар ташлашда давом этади. Аслида бундай талаб “Толибон”га бутун дунё, жумладан, Ўзбекистон томонидан ҳам қўйиб келинади. Лекин 4 йилдан буён Афғонистон кўп эҳтимол билан террорчилар учун “она қорни” вазифасини ўташда даво этмоқда. Бунда эса кўпчилик “Толибон”ни айблайди.
Айни дамда, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Афғонистон ва Покистонни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга ва икки давлат ўртасидаги барқарорлик бутун минтақа манфаатларига мос келишини таъкидлади. Вазирлик матбуот котиби Исмоил Бағай Теҳрон икки ўртада воситачилик қилишга тайёрлигини маълум қилди. Бу шароитда эса кўпчиликни Саудия Арабистони тутган позиция қизиқтирмоқда. Чунки яқиндагина Ар-Риёд ва Исломобод бир-бирини ташқи ҳужумдан мудофаа қилиш бўйича пакт имзолаганди. Аммо ҳозирда ҳарбий ва моддий ёрдамдан дарак йўқ. Подшоҳлик шунчаки воқеалар ривожидан жиддий хавотир билдирди. Ар-Риёд томонларни “босиқликни сақлашга, можаронинг авж олишига йўл қўймасликка, мулоқот ва доноликка қайтишга” чақириб, муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш йўлидаги ҳар қандай саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини ҳамда “биродар Покистон ва Афғонистон халқлари” хавфсизлиги ва фаровонлигига содиқлигини таъкидлади. Қатар ва бошқа мамлакатлар ҳам деярли шундай позицияда.
Вайроналар устидаги сокинлик – Ғазо
Исроил ўз қўшинларини Ғазо секторининг деярли ярмидан олиб чиққач, сектордаги фаластинликлар ер билан яксон қилинган ҳамда вайроналардан бўлак ҳеч вақо қолмаган уйларига қайтишмоқда. Қисқа вақт ичида сектор ичидаги кўчишлар сони 300 мингга яқинлашди. Бугун Ғазода яшаш учун яроқли ҳудуд топиш қийин, аммо энди энг муҳими – ҳудуд тинч. Тўғри келишув кучга кириши билан дарҳол ўқ овозлари тўхтамади. Лекин кейинчалик вайроналар устида сокинлик ҳукмрон бўла бошлади. Одамлар ўз уйларига қайтишга киришди. Икки йиллик геноциддан омон қолган аёллар, болалар, қариялар, оила бошларига умид қайтган. Аммо Исроилнинг 2 йиллик босқинидан сўнг, сектордаги асосий транспорт турига айланган араваларда қайтаётган жажжи қизалоқ ва болакайларнинг кулгуси эса узоққа чўзилиши номаълум. Бу айни дамдаги энг оғриқли масала.
Трампнинг 21 бандлик тинчлик режасига узил-кесил эришиш учун эса яна бироз вақт керак. Сўнгги кунларда баъзи келишмовчиликлар билан Мисрдаги дастлабки сулҳ бандлари амалга ошириб келинмоқда. Бу орада Трампнинг куёви Жаред Кушнер, махсус элчи Стив Уиткофф ва бошқалар Исроилга келиб, Нетаньяху билан кўришишга ҳам улгурди. Яқин соатларда энди Трампнинг ташрифи ҳам кутилмоқда. У дастлаб, Исроил парламенти Кнессетда нутқ сўзлайди, сўнгра, Мисрга йўл олади. Чунки 13 октябрь куни у ерда дунё лидерлари тўпланади. Макрон, Мерц, Эрдўған ва бошқалар Мисрга Ғазо бўйича сулҳнинг асосий қисмида иштирок этиш учун ташриф буюриши айтилди. АҚШ Президенти ҳам ўша ерда бўлади. Сектор тақдири айнан 13 октябрда белгиланади. ҲАМАС эса гаровдаги исроилликларни топширишга тайёрлигини маълум қилди. Хуллас, бир қарашда ҳаммаси ҳалдек кўриниши мумкин. Аммо кўпчилик Исроилнинг мазкур келишувга амал қилишига шубҳа билан қарамоқда. Масалан, Эрон расмийлари буни очиқчасига таъкидлади.
Узил-кесил сулҳдан сўнг эса, Ғазо келажаги қандай шаклланиши бўйича баъзи тахмин ва кутилмалар мавжуд. Масалан, ҲАМАС расмийлари барчаси Трамп режасида белгиланганидек кетса, гуруҳ сектордаги бошқарувни тарк этишини маълум қилгани айтилмоқда. Исроил эса Ғазодаги ҲАМАСга тегишли тунелларни тўлиқ вайрон қилишини эълон қилди. Ғазодаги фаластинликлар устида бошқарув эса Трамп режасида баён этилганидек, халқаро доирага кўчади. Яъни, Тони Блэр ёки бошқа бирон-бир номзоднинг қўл остидаги махсус кенгаш секторни 5 йил давомида бошқаради. Улар Ғазо устидан то Фаластин давлати тузилгунига қадар ўз бошқарувини ўрнатади. Трамп режасининг энг сўнгги қисмида эса озод Фаластин давлати тузилиши керак.
Нобель Трампга “йўқ” деди
Трамп йил бошидан буён ҳаракат қилиб келган Тинчлик бўйича Нобель мукофотидан қуруқ қолди. У мазкур бир парча темир бўлаги учун шу қадар курашгандики, ҳатто Ғазо бўйича тинчлик сулҳининг биринчи босқичи мукофот эълон қилинишидан бир кун олдин ўтказилди. Трамп ўзини бу совринга ҳаддан ортиқ лойиқ кўргани ортидан 8 та урушни тугатганини даъво қилиб келарди. Аммо якунда 2025 йилдаги Тинчлик бўйича Нобель мукофоти Венесуэла сиёсатчиси Мария Корина Мачадога берилди. Мачадо Мадуро режиминг асосий душмани ҳисобланади. У ушбу мукофотни ҳам айнан Венесуэланинг диктатурадан демократияга адолатли ва тинч йўл билан ўтиш учун курашда муҳим ҳисса қўшгани учун олгани такидланди. Аммо Венесуэлада ҳали ҳам диктатура ва Мачадо Николас Мадурони ағдара олмаган. Умуман олганда, Венесуэладаги бу уринишларнинг барчаси самарасиз. Чунки у ерда сайловнинг ўзи эркин эмас. Шундай бўлишига қарамай, Нобель унга насиб этди.
Умуман олганда эса, мухолифатчиларнинг фаолияти бу мукофотга мазмунан лойиқ-ми, деган савол ўринли. Чунки тинчлик ва сиёсат ўртасидаги боғлиқликка турли нуқталардан қараш мумкин. Масалан, Мачадонинг фаолияти тинчликнинг моҳиятига қанчалик тўғри келиши ҳам сўроқ остида. Шу боис, мукофот ҳақидаги эълондан кўп ўтмай, Трамп маъмурияти томонидан билдирилган салбий муносабатда жон бор, дейиш мумкин. Яъни Нобель қўмитаси тинчликдан кўра сиёсатни устун қўйди. Путин ва Лукшенко кабилар ҳам Нобель қўмитасини танқид қилиб, бу мукофотга бу йил фақат Трамп лойиқ бўлганини Тожикистонда туриб айтишди. 10 октябрь куни эса АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Мария Корина Мачадо ўзаро суҳбатлашиб, венесуэлалик сиёсатчи бу мукофотни Трампга бағишлаганини билдирган.
“Нобель мукофотини олган инсон бугун менга қўнғироқ қилди ва: “Мен бу мукофотни сизнинг шарафингизга қабул қиляпман, чунки сиз ҳақиқатан ҳам бу мукофотга муносиб эдингиз”, деди. Жуда ёқимли иш. Мен унга: “Унда менга бер”, демадим, гарчи у шундай қилса ҳам бўларди, деб ўйлайман. Мен уни қўллаб-қувватлаб келганман. Венесуэлага жуда катта ёрдам керак, бу ҳақиқий фожиа. Шунингдек, айтиш мумкинки, бу 2024 йил учун берилган, мен эса 2024 йилда сайловда курашаётгандим”, деди у.
Қизиғи, Трамп маъмуриятидаги кўплаб расмийлар илгари Мачадони қўллаб-қувватлаган. АҚШ Президентининг ўзи ҳам шахсан уни тармоқдаги саҳифаларида илиқ сўзлар билан мақтаган.
Қозоғистон Россиядан шикоят қиляпти
Қозоғистон ҳукумати Россия билан чегарадаги навбатлар ва Россия миграция қонунчилигидаги ўзгаришлар туфайли юзага келган қийинчиликлар бўйича Евроосиё иқтисодий комиссиясига (ЕИК) мурожаат юборди. Маълум қилинишича, Остона юзага келган вазиятни “ташқи савдога тўсқинлик қилувчи тўсиқ” деб эътироф этмоқчи. Масала жорий йилнинг 13 октябрь куни ЕИК йиғилишида, шунингдек, 7 ноябрь куни Қозоғистон ва Россия ўртасидаги Ҳукуматлараро ҳамкорлик комиссияси мажлисида кўриб чиқилади. Баёнотнинг асосий қисми чет эллик фуқароларнинг Россияга кириш-чиқиш қоидаларидаги янги тартибларга бағишланган. Амалдаги қонунга кўра, энди мамлакат ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан бир йил ичида 90 кундан ортиқ қолиш мумкин эмас – кириш ва чиқиш сонидан қатъи назар. Илгари бу муддат 180 кун эди.
Мазкур чекловлар халқаро ташувлар билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга ҳам татбиқ этилади. Бундан ташқари, бу муддат Россия ва Беларусь учун умумий тарзда ҳисобланади. Қозоғистон ҳукуматининг эслатишича, мамлакатда бу борадаги қоидалар анча юмшоқ: чет элликлар рўйхатдан ўтмасдан олти ой давомида 90 кунгача бўлиши мумкин. Бу чеклов халқаро юк ва йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга татбиқ этилмайди. Бу меъёрлар халқаро амалиётга тўлиқ мос келади. Мажлис (парламент) депутати Болатбек Нажметдинулининг сўзларига кўра, Россиянинг янги қоидалари нафақат халқаро ташувчиларни, балки Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида фаолият юритувчи ҳайдовчиларни ҳам қамраб олган.
Унинг айтишича, кўплаб ҳайдовчилар аллақачон рухсат этилган қолиш муддатини тугатган ва ишга қайтиш учун янги йилни кутишга мажбур. 90 кунлик муддатни ошириб юборган айрим ҳайдовчилар эса қўлга олинган ва Россияни тарк этиш ҳақида огоҳлантириш олган. Баёнотда қайд этилишича, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошланган “кулранг импорт”га қарши текширувлар ҳам чегарадаги вазиятни мураккаблаштирган. Қозоғистон ҳукуматининг маълум қилишича, қўшимча назорат юк ташувчи транспорт воситаларининг текширув вақтини узайтирган. Қайд этиш жоиз, Қозоғистон-Россия чегарасидаги навбатлар жорий йилнинг сентябридан бери сақланиб қолмоқда. Расмий томонлар жиддий муаммолар йўқлигини таъкидлашсада, Қозоғистон ОАВлари айрим юк машиналари Россия томонида узоқ текширувлардан қўрқиб, Қозоғистон ҳудудида қолаётганини хабар қилмоқда.
Live
БарчасиУкраина дронлари Москвага ҳужум қилмоқда.
14 Декабрь