Японияда аҳоли сони рекорд даражада камайди
Олам
−
29 Май 4771 2 дақиқа
2025 йилда Япония аҳолисининг умумий сони 123 миллион кишини ташкил этди. Бу 2020 йилги кўрсаткич билан солиштирганда 3,09 миллион кишига кам дегани. Бундай маълумотлар Япония Ички ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган миллий аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларида келтирилган.
Вазирлик маълумотларига кўра, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Япония аҳолисининг умумий сони (хорижликларни ҳам ҳисобга олган ҳолда) 123 миллион 49 минг 524 кишини ташкил этди. Бу 2020 йилги кўрсаткичдан 2,5 фоизга кам дегани. Аҳоли сони фақат Токио ва Окинавада ўсган, қолган барча ҳудудларда эса камайиш кузатилмоқда. Шу билан бирга, мамлакатдаги барча аҳолининг 30,1 фоизи айнан Япония пойтахти ҳиссасига тўғри келади – у ерда қарийб 37 миллион киши истиқомат қилади.
Японияда аҳоли сонининг камайиши 2015 йилги рўйхатга олишдан бошлаб кетма-кет учинчи марта қайд этилди ва бу кузатувлар тарихидаги энг сезиларли пасайиш ҳисобланади. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, бу туғилишнинг камайиши ва аҳолининг қариши билан боғлиқ. Туғилиш даражаси ҳам пасайиб бораётгани сабабли, вазирлик ушбу тенденция кейинчалик ҳам сақланиб қолишини прогноз қилмоқда.
Ички ишлар вазирлигининг дастлабки маълумотларига кўра, 2025 йилда Японияда тахминан 706 минг бола дунёга келган – бу 2024 йилдагига нисбатан 2,1 фоизга кам демакдир. Мамлакатда туғилиш даражаси кетма-кет ўнинчи йилдирки пасайиб бормоқда.
2024 йилда Японияда аҳолининг табиий камайиши (ўлим сонининг туғилиш сонидан кўплиги) 900 минг кишидан ошиб кетган. Мамлакатда аҳоли сонининг қисқариши 16 йилдан бери давом этмоқда ва бу 1968 йилда кузатувлар бошланганидан бери энг юқори кўрсаткичга айланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилда Хитой аҳолиси кетма-кет тўртинчи йил кескин камайгани, туғилиш эса рекорд даражада пастлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси