Японияда балиқ 3,2 млн долларга сотилди
Бу қизиқ
−
06 Январь 13280 2 дақиқа
Кеча, 5 январь куни Япониядаги балиқ аукционида кўк тунец рекорд даражадаги қиммат нарх – 3,2 млн долларга сотилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, оғирлиги 243 килограмм бўлган кўк тунец 510 миллион иенага (3,2 млн доллар) сотилган. Балиқ Япониянинг шимолидаги Аомори префектураси акваториясида тутилган. Ушбу сумма 1999 йил январида ўрнатилган рекорддан ҳам юқори бўлган. Ўшанда тунец 333,6 миллион иенага (2,9 млн доллар) сотилган.
Қайд этиш жоиз, Токиодаги аукционларда бундай йирик харажатлар маҳаллий реставраторлар учун нуфуз масаласи ҳисобланади. Шунингдек, йилнинг илк савдоларида асосий лотни харид қилиш бизнесда омад келтиради, деган эътиқод ҳам мавжуд.
Аукцион ғолиби машҳур Sushi Zanmai ресторанлар тармоғига эгалик қилувчи Kiyomura Corp. компанияси бўлган. Унинг раҳбари Киёси Кимура кўп йиллардан буён ушбу савдоларда қатнашиб келади ва бозорда таниқли шахсга айланган. Японияда уни йилнинг илк овига доимий равишда рекорд нархлар таклиф қилгани учун “тунец қироли” деб аташади.
Кимуранинг сўзларига кўра, нарх кутилганидан анча юқори бўлган.
“Бироз арзонроқ сотиб оламиз, деб ўйлагандим, аммо нарх кескин ошиб кетди”, дейди у журналистларга.
Аввал ҳам тадбиркор бир неча бор рекорд ўрнатган. Жумладан, 2012 йилда у тунецни 56,5 миллион иенага (тахминан 707 минг доллар), 2013 йилда 155 миллион иенага (1,59 миллион доллар), 2019 йилда эса 333,6 миллион иенага (3,06 миллион доллар) сотиб олган.
Тоёсу бозорида йилнинг илк аукцион савдоси анъанавий тарзда катта қизиқиш ва кескин ошиб борувчи ставкалар билан ўтади. Япон маданиятида йил бошида омадли харид қилиш бизнесга муваффақият олиб келади, деган эътиқод мавжуд.
Савдолар якунлангач, қимматбаҳо ўлжа дарҳол бўлакланиб, Sushi Zanmai ресторанлари мижозларига тортиқ этилган. Ташриф буюрганлардан бири журналистларга бундай таомни йилни омад билан бошлаш рамзи деб билишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Формула-1” афсонаси Михаэль Шумахернинг 1992 йилги Benetton Ford B192 пойга машинаси кимошди савдосига қўйилганди.
Live
Барчаси