ЕИ 15 йилдан сўнг Сурия билан шерикликни тиклайди
Олам
−
11 Май 547 2 дақиқа
Евроиттифоқ 2011 йилдан бери музлатилган ҳолатда қолаётган Сурия билан Шериклик келишувини блокдан чиқарди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи Кенгаши баёнотида айтилади.
“Евроиттифоқ Кенгаши бугун Сурия билан Шериклик келишуви амал қилишини вақтинчалик тўхтатиб туриш қарорини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди”, дейилади баёнотда.
Ҳужжатда таъкидланишича, ушбу келишув 2011 йилда ағдарилган президент Башар Асад бошчилигидаги Сурия раҳбариятига нисбатан инсон ҳуқуқларини бузиш айбловлари туфайли киритилган санкциялар доирасида тўхтатиб қўйилган. Евроиттифоқ Суриядаги фуқаролар уруши пайтида Асаддан ҳокимиятни “янги демократик маъмурият”га топширишни талаб қилган.
Брюсселдаги матбуот анжуманида ушбу чораларни тақдим этар экан, Евроиттифоқнинг Ўрта ер денгизи масалалари бўйича комиссари Дубравка Шуица Европа Иттифоқи томонидан Сурия давлат институтларини мустаҳкамлаш учун 15 миллион евролик дастур, шунингдек, 2026-2027 йиллар учун 280 миллион евролик янги ёрдам дастури тайёрланаётганини маълум қилган.
У Брюссель ҳозирда Сурияда барча инсон ҳуқуқлари ва озчиликлар ҳуқуқларига риоя қилиняпти деб ҳисоблайдими ёки йўқми – бунга аниқлик киритмаган. Сурия Европадан келаётган суриялик мигрантлар қайтиши учун хавфсиз давлатми, деган саволга жавоб берар экан, Шуица “агар бу қайтиш ихтиёрий равишда амалга оширилса, ҳеч қандай муаммо йўқ”, деб таъкидлаган ва “мамлакатнинг айрим қисмлари хавфсиз бўлиши мумкин, бошқалари эса ҳали йўқ”, дея қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия Президенти Аҳмад аш-Шара Яқин Шарқ мамлакатларини савдо йўлларини қайта қуриш ва АҚШ ва Эрон ўртасидаги можаро оқибатларини бартараф этиш учун Суриянинг логистика имкониятларидан фойдаланишга чақирганди.
Live
Барчаси