Европа бу йил Украинага энг кам пул ажратди
Олам
−
10 Декабрь 2039 3 дақиқа
2025 йилда Европа Иттифоқининг Украинага ёрдами 32,5 миллиард еврони ташкил қилди. Бу Киль жаҳон иқтисодиёти институти ҳисоб-китобларига кўра, уруш бошланганидан бери энг паст миқдордир. Бу ҳақда бугун, 10 декабрь куни “Ukraine Support Tracker” лойиҳаси доирасида эълон қилинди.
Қайд этилишича, ЕИ томонидан бу йил Украинага кўрсатилган ёрдам миқдори Россиянинг 2022 йилда мамлакатга тўлиқ ҳарбий бостириб киришидан буён энг паст кўрсаткич бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Европадан ҳарбий ёрдам АҚШ томонидан қўллаб-қувватланишининг қисқариши туфайли юзага келган камомадни қоплай олмайди.
Агар Киев 2022-2024 йиллар оралиғида АҚШ, Европа давлатлари ва бошқа мамлакатлардан ҳар йили тахминан 41,6 миллиард евро олган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йил октябрь ҳолатига кўра, 32,5 миллиард еврони ташкил этади. Шу сабабли, ўтган йиллардаги ёрдам даражасига эришиш учун йил охиригача Киев қўшимча 9,1 миллиард евро олиши керак бўлади, дейди экспертлар. Бунга эришиш учун ноябрь ва декабрь ойларида ойлик тушумлар олдинги икки ойга нисбатан икки баравар кўп бўлиши керак.
Ҳисоботга кўра, Европада турли мамлакатлардан Украинани қўллаб-қувватлаш даражаси жуда нотекис эди. Германия, Франция ва Буюк Британия 2022-2024 йилларга нисбатан ёрдамини сезиларли даражада оширди. Хусусан, Германия Украинага ўртача ойлик тўловларни қарийб 3 бараварга, Франция ва Буюк Британия эса икки баравар кўпайтирди.
Бироқ 2021 йилги ялпи ички маҳсулотга нисбатан бу мамлакатлар ҳалигача Украинага Скандинавия давлатлари ва Финляндия томонидан кўрсатилган ёрдам даражасига эриша олишмади. Айни пайтда, Испания ва Италия 2025 йилда Украинага ёрдамини умуман оширмаган. Италия ҳаттоки 2022-2024 йилларга нисбатан ҳиссасини 15 фоизга камайтирган.
Яна бир интернет-нашрининг 8 декабрь куни хабарига кўра, Украина 2026 йилда 71,7 миллиард евро бюджет тақчиллигига дуч келади. Агар янги маблағлар келиб тушмаса, Киев апрель ойидан бошлаб давлат харажатларини қисқартириши керак.
Куз бошидан бери Европа Иттифоқи Украинага 2026 ва 2027 йилларда тахминан 140 миллиард евро миқдоридаги репарация кредитлари бериш имкониятини муҳокама қилмоқда. Россия Марказий банкининг Европадаги музлатилган захираларидан ушбу кредит учун гаров сифатида фойдаланиш режалаштирилган.
Бундай ҳолда, маблағлар қонуний равишда мусодара қилинмайди, аммо Россия уларни Украинага товон тўлагандан кейингина қайтариши мумкин эди. Кейин Киев Россия томонидан тўланган товон пулларидан ЕИдан олинган “репарация кредити”ни тўлаш учун ишлатади.
Ушбу ғоя Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ва Германия канцлери Фридрих Мерц томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда.
Маълумот ўрнида, ноябрь ойи ўрталарида Украинада йирик корруптсия можароси авж олди. Украинанинг Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси (NABU) “Энергоатом” компаниясида йирик ўғирлик содир этилганини аниқлади. NABU маълумотларига кўра, ушбу схеманинг марказида Квартал 95 студиясининг эгаси ва Украина президенти Владимир Зеленскийнинг иттифоқчиси Тимур Миндич турган. Бу иш бўйича қидирувлар бошланишидан бироз олдин у Украинани тарк этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Зеленский мағлубиятни тан олиши кераклигини айтганди. Трампнинг фикрича, ҳозир устунлик Россия томонида, чунки “одатда куч ғолиб келади”, ва Зеленский ўзини қўлга олиб, реал вазиятни қабул қилишни бошлаши керак.
Live
Барчаси