Европа Россиянинг “соя флоти” танкерларини мусодара қилмоқчи

Олам

image

Европа давлатлари Россиянинг “соя флоти” танкерларини мусодара қилиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

Буюк Британия Мудофаа вазири Жон Ҳили Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида ЕИ давлатлари Мудофаа вазирлари билан Россиянинг “соя флот”ига қарши чораларни муҳокама қилган. Учрашувда қатнашган Британия Қуролли кучлари раҳбари Ричард Найтон танкерларга нисбатан ҳаракат вариантларини, жумладан, кемаларни қўшма операциялар орқали қўлга олиш имкониятларини тақдим этган.

Нашр манбасига кўра, бундай операцияларда Европа давлатлари АҚШ билан муайян даражада мувофиқлашувга эга бўлиши мумкин.

Эстония Мудофаа вазири Ханно Певкур эса “соя флоти” кемаларига байроқ бераётган давлатлар бошқа мамлакатлар томонидан чоралар кўрилиши мумкинлигини билиши кераклигини айтган. Бироқ аниқ чоралар қўшимча муҳокамани талаб қилади, чунки айрим давлатлар эскалациядан хавотирда.

Маълумотга кўра, “соя флоти” тахминан 1,5 мингта кемага эга бўлиб, улар Россия нефтини ташийди. Бу кемалар санкцияларни четлаб ўтиш учун турли мамлакатлар байроқларидан фойдаланади. ЕИ ва АҚШ санкция рўйхатларига юзлаб шундай кемалар киритилган, айримлари америкалик ҳарбийлар иштирокида қўлга олинган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ҳарбийлари Ҳинд океанида санкцияларни бузганликда гумон қилинган Aquila II номли нефть танкерини қўлга олганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия танкер соя флоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг