Z-авлоднинг талаби билан Непалнинг биринчи аёл бош вазири тайинланди
Олам
−
13 Сентябрь 3914 2 дақиқа
Непалнинг Олий судининг собиқ судяси Сушила Карки муваққат бош вазир этиб тайинланди. Непал Президенти Рам Чандра Паудел бу лавозимга 73 ёшли Каркини тайинлади ва у кеча, 12 сентябрь куни қасамёд келтирди.
Карки Непалдаги биринчи аёл бош вазирдир. Унинг номзодини намойишчилар етакчилари таклиф қилган. У Непал Вазирлар Маҳкамасига 2026 йилнинг март ойида бўлиб ўтиши мумкин бўлган кейинги сайловларга қадар раҳбарлик қилиши кутилмоқда.
Карки мамлакатда коррупцияга қарши курашиш бўйича яхши танилган.
9 сентябрь куни Непал ҳукумати оммавий норозиликларга сабаб бўлган ва қурбонлар билан якунланган ижтимоий тармоқлардаги тақиқни бекор қилди. Инқироз шароитида бош вазир Шарма Оли, ички ишлар вазири ва яна икки вазир истеъфога чиқди.
Непалда 20 дан ортиқ ижтимоий медиа платформалари, жумладан, Facebook, Instagram ва YouTube'ни рўйхатдан ўтказиш ва давлат назоратига топшириш бўйича янги талабни бажармаганликлари баҳонасида тақиқланган эди. Тақиқлар бекор қилинганига қарамай, намойишлар сусаймади: уларнинг иштирокчилари, асосан, ёшлар мамлакатдаги коррупцияга ва умуман, амалдаги ҳокимият сиёсатига қарши норозилик билдирди.
Ахборот агентликларига кўра, минглаб намойишчилар етакчи партиялар офислари ва айрим сиёсатчиларнинг уйларини бузиб кириб, ўт қўйган. Намойишчилар Непал Конгресси партияси идораси ва бир қанча полиция бўлимларига ўт қўйди.
Непалдаги оммавий норозилик намойишлари “З авлоди намойишлари” деб номланади. Полиция билан тўқнашувларда камида 51 киши ҳалок бўлган, 1300 дан ортиқ киши жароҳатланган.