Забт этилмаган Канн: Маданият вазирлиги ҳаммани алдади…ми?
Маданият-санъат
−
09:31 4986 4 дақиқа
Аввалроқ, Франциянинг Канн шаҳрида ўтказилган 17-Халқаро “ENTRE DEUX CANNES” инклюзив (имконияти чекланган инсонлар, аутизмли, ногиронлиги бор одамлар ҳақидаги фильмлар учун ташкил этилган) кинофестивалида Ўзбекистон ёшлари ғолибликни қўлга киритганди. Ижтимоий тармоқлар, давлат телеканаллари ва Маданият вазирлигининг расмий саҳифаларида эса киноижодкорлар машҳур, дунёнинг энг йирик ва нуфузли Канн халқаро кинофестивалда гран-прини қўлга киритгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ўзи нима бўлганди?
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги буюртмаси асосида “Ёшлик” киностудияси томонидан суратга олинган “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” қисқа метражли фильми “ENTRE DEUX CANNES”, яъни имконияти чекланганлар ва касаллиги бор инсонлар ҳақидаги фильмларга аталган фестивалнинг энг юқори мукофоти – гран-прини қўлга киритганди. Гарчи бу лойиҳа асосий Канн кинофестивалининг расмий танлов дастурига кирмаса-да, лекин у билан бир вақтда ва параллель тарзда Канн шаҳрида ўтказиладиган мустақил инклюзив кинофестивалдир.
Фестивалда дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан Африка, Америка, Европа ва Осиё давлатларидан киноижодкорлар иштирок этиб, турли жанрдаги бадиий, қисқа метражли ҳамда ҳужжатли фильмлар намойиш этилган. 2026 йилги Канн кино мавсуми учун 600 дан ортиқ фильм аризалари қабул қилинган бўлиб, улардан 20 дан ортиқ фильм ҳакамлар ҳайъати томонидан саралаб олинган. Сараланган фильмлар орасида “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” қисқа метражли фильми ҳакамлар ҳайъати томонидан гран-при мукофотига лойиқ деб топилган. Кинематография агентлиги берган маълумотларда танлов номи аниқ ёзиб кўрсатилган.
Миш-мишлар қаердан чиқди?
Маданият вазирлиги матбуот котиби Сирожиддин Ўсаров бу янгиликни нотўғри талқин қилиб, фестивалнинг номини тўлиқ айтмаган. Бунинг ортидан эса ижтимоий тармоқларда ва ҳатто давлат телеканалларида “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” киноси асосий фестивалда ғолиб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалиб кетган.
“Ўзбек киноижодкорлари томонидан олинган фильм илк бор Канн кинофестивалида ғолиб бўлди”, деган Ўсаров.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фильм ижодкорларини “Келажак бунёдкори медали билан тақдирлаш тўғрисида Фармон имзолаган. Ҳужжатда ҳам “Қадам. Қуёш боласи Юсуф” фильми Канн шаҳридаги инклюзив фильмлар халқаро фестивалида ғолиб бўлгани айтилган.
Қолаверса, расмий ОАВлар бу тарихий натижа экани, ўзбекистонлик ижодкорлар ҳалигача бу мукофотда ғолиб бўлмаганини урғулаган. Бунинг ортидан эса барчада “Қадам. Қуёш боласи Юсуф”ни йирик кино байрами – Канн фестивалида ғолиб бўлган, деган ўй яна бир марта мустаҳкамланган. Аммо 2019 йилда режиссёр Шокир Ҳолиқовнинг “Чой” фильми ҳам Канн кинофестивали кунларида ўтказилган “ENTRE DEUX CANNES” фестивалида гран-при олган, яъни бу мукофот Канндаги инклюзив параллел фестивалда ўзбек фильми мукофот олган биринчи ҳолат эмас.
Қизиқ томони шундаки, Шокир Ҳолиқовнинг ғалабаси деярли ҳеч қаерда овоза қилинмаган. Қайд этилишича, ўша пайтда иждокорнинг ўзи делегация таркибига ҳам киритилмаган, мукофот ҳақида Тошкентда туриб хабар топган, яъни Ҳолиқов Францияга бормаган ва ва ҳукумат томонидан ҳеч қандай мукофот олмаган.
Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, барча тушунмовчиликлар Озодбек Назарбеков бошчилигидаги Маданият вазирлиги томонидан тақдим этилган нотўғри хабар ортидан келиб чиққан.
Бу ҳақда журналист Анора Содиқова ўз мурожаатида шундай деди:
“Қадам. Қуёш боласи Юсуф” фильмининг мукофоти – яхши хабар. Инклюзив мавзудаги асарнинг халқаро тадбирда эътироф этилиши қадрли натижа.
Аммо уни “илк маротаба Канн забт этилди” сифатида сотиш — факт билан PR ўртасидаги чегарани бузишдир.
Ҳақиқат шундай: ўзбек фильми Канн шаҳрида ўтган параллел инклюзив фестивалда мукофот олди. Бу қувонарли, аммо расмий Cannes Film Festival ғалабаси эмас ва “илк маротаба” деган иддао ҳам камида баҳсли. Кино тарихида эса пафосли сарлавҳалар эмас, ҳақиқий асарлар ва адолатли муносабат қолади”.
Қайд этиш жоиз, 2026 йилги асосий ва дунёнинг энг нуфузли Канн кинофестивали 79-маротаба ўтказилмоқда. Фестиваль 23 майга қадар давом этади.
Фестиваль очилиш фильми сифатида француз режиссёри Пьер Сальвадори суратга олган “Электрик ўпич” фильми намойиш этилган.
2026 йилги фестивалда асосий эътибор халқаро артхаус кинога қаратилди. Танлов дастуридан испаниялик режиссёр Педро Альмодовар, эронлик режиссёр Асғар Фарҳодий, япониялик режиссёр Хирокадзу Кореэда, Рюсукэ Хамагути ва америкалик режиссёр Айра Сакснинг янги фильмлари жой олган.
Live
Барчаси