Захарова Соловьёвнинг Марказий Осиёга ҳужум қилиш ҳақидаги гапларига муносабат билдирди (видео)
Олам
−
16 Январь 24881 3 дақиқа
Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова тележурналист, Кремлпараст пропагандист Владимир Соловьёвнинг Россия Марказий Осиё ва Арманистонга “махсус ҳарбий операция” бошлаши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.
Захарованинг қайд этишича, россиялик журналистнинг фикрлари расмий Москванинг позициясини кўрсатмайди ва журналист бу гапларни ўзининг каналида айтган, холос.
“Мен иқтибосларни ўқиб чиқдим, журналист билдирган фикрлар унинг шахсий фикри. Бу Москванинг расмий позициясини акс эттирмайди. Унинг фикри аслида савол шаклида баён қилинган. Бу баёнот эмас, балки саволдир. Бундан ташқари, бу жумлалар таҳлилчилар томонидан провокацион тарзда талқин қилинаётгани яққол аён. Бундай манипуляциялар билан шуғулланишга шунчаки йўл қўйиб бўлмайди”, дейди Захарова.
Унинг қўшимча қилишича, расмий баёнотни ваколатли шахслар беради, диванда ётиб олиб гапирадиган таҳлилчилар эмас.
“Бу иборалар “диван” таҳлилчилари томонидан очиқдан-очиқ провокацион кўринишда деярли Россиянинг расмий позицияси сифатида тақдим этилган. Яна бир бор таъкидламоқчиманки, расмий нуқтаи назар ваколатли мансабдор шахслар томонидан билдирилади”, деган Захарова.
Унинг айтишича, Россияни Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё халқлари билан тарихан яхши қўшничилик, стратегик шериклик, иттифоқчилик, биродарлик ва ҳамкорлик алоқалари боғлаб туради.
“Алоқаларимизнинг барқарор ривожланиши гарови – дўст давлатлар раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган самимий шахсий муносабатлардир. Ҳозирги суверен давлатлар билан муносабатлар контекстидаги сиёсатимиз Россия раҳбарияти томонидан ўн марталаб маълум қилинган. Яна бир бор айтаман, бу позиция. Менимча, Россия Президенти, ҳукумат раиси, Ташқи ишлар вазири, Мудофаа вазири, барча йўналишлардаги вазирлар томонидан кўп марта айтилган. Бизда МДҲ, КХШТ каби постсовет ҳудудида мавжуд бўлган тузилмалар орқали ҳам мулоқот мунтазам равишда қўллаб-қувватланади”, дейди Захарова.
Бундан ташқари, у телебошловчининг сўзлари тасдиқ эмас, балки савол шаклида бўлганини ҳам урғулаган.
“Гапга эмас, ишга қараб баҳо бериш керак. Неча марта ёрдамга келинди? Неча марта ёрдам ва дўстлик қўли чўзилди? Қайғуга шерик бўлганда, ҳамдардлик билдирганда неча марта энг самимий ҳиссиётлар изҳор қилинди? Қувончни баҳам кўрганда, умумий ғалабаларни ҳамда постсовет ҳудудидаги ҳамкасб ва дўстларимизнинг ютуқларини бирга нишонлаганда неча бор самимий туйғулар намоён этилди? Қанчадан-қанча мураккаб, ечими йўқдек туюлган вазиятлардан биргаликда йўл қидирилди? Неча марта тушунмовчилик ва англашилмовчиликлар бартараф этилди? Провакаторлар чақириғи ва провокацияларга неча марта жавоб қайтарилди? Мана шу нарсаларга қараш керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам “қоқилиб қолмаслик“ ва айниқса, провокацияларга чалғимаслик лозим. Афсуски, улар ҳали кўп бўлади. Шунинг учун, келинг, қандайдир сохта ва ёлғон маълумотларга алданмай, ҳақиқий воқеликни кўрайлик”, деган Мария Захарова.
Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни россиялик телебошловчи, Кремлга яқин асосий пропагандист Владимир Соловьёв ўзининг жонли эфирида Украина ҳудудига уюштирилган “махсус ҳарбий амалиёт”ни “Россия таъсир доирасидаги бошқа ҳудудларда” ҳам, жумладан Марказий Осиё давлатлари ва Арманистонда ўтказиш зарурлигини айтганди.
Соловьёвнинг чиқишларига Арманистон ТИВ муносабат билдирган ва Россия элчиси Сергей Копиркинни чақиртирганди. Унга норозилик нотаси топширилган. Арманистон буни “суверенитетга тажовуз” деб баҳолаган
Live
Барчаси