“Заправка”даги портлаш ортидан жиноят иши очилди
3-саҳифа
−
17 Июль 2025 9438 2 дақиқа
Кеча, 16 июль куни Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида жойлашган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлган эди. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди.
Билдирилишича, Кўкдала туманида содир бўлган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 205- (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 259- (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тегишли соҳа мутахассислари иштирокида ёнғин кўлами ва етказилган зарарларнинг миқдорини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
“Жиноят иши доирасида суд-тиббий, ёнғин келиб чиқишини аниқлаш бўйича суд-кимёвий, биология, криминалистика ва ёнғин техникавий экспертизалари тайинланди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда”, дейди Шамсуддинов.
Маълумот учун, мазкур ҳодисада 4 киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 17 декабрь куни Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида даҳшатли портлаш содир бўлиб, оқибатда 4 нафар фуқаро вафот этган, бир нечтаси эса тан жароҳати олганди.
Мазкур иш Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судида кўриб чиқилган. Суд ҳукмига кўра, шохобча раҳбарига 3 йил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Қолаверса, ундан 4 нафар қурбоннинг қонуний вакилларига 310 млн сўмдан жами 1 млрд 240 млн сўм маънавий зарар, 12 нафар фуқаровий даъвогарларга эса жами 2 млрд 358 млн сўм моддий зарар ундириш белгиланган.
Live
Барчаси