Жаҳон чемпионати олдидан VAR ваколатлари кенгайиши мумкин
Спорт
−
02 Декабрь 1038 2 дақиқа
Халқаро футбол ассоциацияси кенгаши (IFAB) амалдорлари Жаҳон чемпионати олдидан бурчак тўпи нотўғри берилган ҳолларда VAR тизимини аралашишига рухсат бериш имкониятини ўрганмоқда. Шунингдек, улар ҳакамларнинг иккинчи сариқ карточка бериш қарорларини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга бўлишини ҳам истамоқда. Бу ҳақда “Тhе Guardian” нашри хабар берди.
Ташкилот мутасаддилари жаҳон чемпионатидаги ҳакамларнинг қарорлари имкон қадар адолатли ва тўғри бўлишини таъминлашни мақсад қилган.
Агар ўзгаришлар қабул қилинса, 48 жамоа иштирокидаги Жаҳон чемпионати биринчи бўлиб бурчак тўпларини VAR ёрдамида баҳолаш мумкин бўлади. VAR технология бундай ҳолатларда тўп чизиқни тўлиқ кесиб ўтган ёки йўқлигини ва қайси жамоадан тўп майдон ташқарисига чиқиб кетганлигини аниқлашда ишлатилади. Шу билан бирга, нотўғри берилган иккинчи сариқ карточкаларни VAR ёрдамида аниқлаш ҳам муҳокама қилинмоқда. Бу каби қарорлар муҳим ўйин натижаларига, жумладан, финалга таъсир қилиши мумкин бўлган нотўғри қарорларни камайтиришга мўлжалланган.
IFAB томонидан қоидага киритилган ҳар қандай ўзгартиришлар 2026 йил март ойида бўлиб ўтадиган йиллик умумий йиғилишда тасдиқланиши керак. FIFA эса турнир олдидан янги технологик ёндашувларни, Қатардаги Жаҳон чемпионатида ярим автоматлаштирилган офсайд тизимини ва клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ҳакамлар учун тана камераларини қўллашни халқаро мусобақаларда жорий қилишга тайёрлигини билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими жорий йилнинг 5 декабрь куни АҚШ пойтахти Вашингтонда жойлашган “The Kennedy Center” мажмуасида ўтказилади. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 3-саватчадан ўрин олади.
Live
Барчаси