Жаҳонгир Аҳмедов янги лавозимга тайинланди
Жамият
−
15 Май 13250 2 дақиқа
Бугун, 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил этилди ва унга директор этиб таниқли режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу марказ болалар тарбияси ва соғлиғига салбий таъсир қиладиган ахборот маконидаги контентни таҳлил қилади, маҳаллий ижодкорларга миллий контент яратиш бўйича буюртма беради, соҳада кадр тайёрлашни ташкил қилади. Қори Ниёзий институти марказга илмий жиҳатдан кўмаклашади.
Шу билан бирга, бу масалалар фақатгина битта марказнинг иши бўлиб қолмаслиги, масъул барча вазирликлар марказ билан ишларни бошлаши шартлиги кўрсатиб ўтилган.
“Тўғри, бугунги кунда ёшлар маънавияти билан ҳамма шуғулланяпти. Лекин, зарарли ахборотларга қарши тура оладиган миллий контент яратиш, уларнинг тарғиботи, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш бўйича профессионал ташкилот йўқ”, деган давлат раҳбари.
Қолаверса, йиғилишда саноқли кунлардан кейин 6 миллиондан зиёд ўқувчи ва 1 миллиондан ортиқ талаба таътилга чиқиши таъкидланган. Ёз ойларида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга экани кўрсатиб ўтилган.
Маълумот учун, Жаҳонгир Аҳмедов 1983 йил 4 февралда Тошкент вилоятида туғилган. 25-сонли умумтаълим мактабини тамомлаган. 2002-2008 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида режиссёрлик йўналиши бўйича бакалавриат ва магистратура босқичида таҳсил олган. Ўзбекистон давлат санъат институти доценти.
Аҳмедов катта кинодаги фаолиятини 2009 йилда “Уйланиш” романтик комедиясини суратга олишдан бошлаган. Бу унинг кино санъатига илк қадами бўлган бўлса-да, фильм кино ихлосмандлари томонидан жуда яхши кутиб олинди.
Жаҳонгир Аҳмедов шу билан чекланиб қолмади. “Омад”, “Тундан тонггача”, “Тил қурсин”, “Мажнун”, “Исломхўжа”, “Илҳак” фильмлари билан танилди.
Жаҳонгир Аҳмедовга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони берилган. Эслатиб ўтамиз, йиғилиш давомида Президент томонидан Ўзбекистондаги 16 та туман ҳокими биттадан мактабни тадбиркорларга бириктириб, ўқувчилар 2 миллиондан 5 миллион сўмгача ойлик оладиган тизимга мослаштириш топшириғини бажара олмагани учун танқид қилинган эди.
Live
Барчаси