Жанубий Корея КХДРга учирилган дронлар бўйича тергов бошлади
Олам
−
12 Январь 3619 2 дақиқа
Бугун, 12 январь куни Жанубий Корея расмийлари Шимолий Корея ҳаво ҳудудини бузганликда гумон қилинаётган дронлар юзасидан тергов бошлади. Текширувда ушбу учувчисиз аппаратлар ҳарбийлар эмас, балки тинч аҳоли томонидан бошқарилган бўлиши эҳтимоли ўрганилмоқда. Бу ҳақда Жанубий Корея Мудофаа вазирлигига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Вазирлик хабарига кўра, Президент Ли Чже Мён бу масалада тезкор ва чуқур текширув ўтказилишини ваъда қилган. У жорий йилнинг 10 январь куни берган баёнотида, агар дронлар ҳақиқатан ҳам тинч шахслар томонидан учирилган бўлса, бу Жанубий Корея хавфсизлиги ва Корея ярим оролидаги тинчликка жиддий таҳдид солувчи жиноят бўлишини билдирган.
Мудофаа вазирлиги вакили, вазир Ан Гю-бекнинг сўзларига кўра, Жанубий Корея зарурат туғилса, Шимолий Корея билан биргаликда тергов ўтказишга тайёр эканини маълум қилган. Бироқ ҳозирча бу борада расмий таклиф киритилмаган.
Бунгача Шимолий Корея ҳарбийлари Жанубни дронлар орқали “провокацион ҳаракатлар” қилишда айблаган. Улар дронлардан бири уриб туширилганини, унинг қисмлари ва ҳаводан олинган суратларни оммага эълон қилган.
Бунга жавобан Жанубий Корея ҳарбийлари мазкур турдаги дронлардан фойдаланмаганини ва айтилган сана давомида Шимолий Корея ҳудудига ҳеч қандай қурилма юборилмаганини маълум қилган. Расмийларга кўра, Жануб томони Шимолни қўзғатиш ёки вазиятни кескинлаштириш ниятида бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ КХДР ҳарбийлари Жанубий Корея чегарасини кесиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.