Жапаров Қирғизистоннинг ташқи қарзи қанча эканини айтди
Олам
−
10 Ноябрь 26253 2 дақиқа
Қирғизистоннинг ҳозирги давлат қарзи 8,4 миллиард долларни ташкил этади. Ушбу сумманинг 62 фоизи ёки 5,2 миллиард доллари ташқи қарздир. Бу ҳақда мамлакат Президенти Садир Жапаров маълум қилди.
Президент Жапаров, шунингдек, республика 2035 йилгача ташқи қарзини тўлиқ ва осон тўлашини қўшимча қилди.
Шу билан бирга, Жапаров навбатдан ташқари парламент сайловлари чоғида республикада давлат тўнтаришлари бўлмаслигини айтди.
“Тўнтаришлар бўлмайди. Биринчидан, биз тўнтариш учун баҳона келтирмаймиз. Иккинчидан, собиқ кучсиз давлат энди йўқ. Давлат ҳозир кучли. Учинчидан, халқ кимни қўллаб-қувватлаш ва ким ҳокимиятда бўлиши кераклигини аллақачон жуда яхши билади”, деб ёзган у Facebook саҳифасида.
Унинг қайд этишича, республикада мамлакатдаги мавжуд муаммоларни бўрттириб кўрсатувчи, одамларни ғалаёнга чорловчи, сайлов пайтида нимадир бўлишига умид қиладиган “ёмон ниятли” гуруҳлар бор. Унинг сўзларига кўра, бу гуруҳларга суд томонидан давлат бюджетига мол-мулк ва маблағларни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган, қўлга олинган коррупционерлар, ўз лавозимини тарк этган, бироқ “ўз шахсий манфаати йўлида жаҳл билан қасос олмоқчи бўлган” амалдорлар бор.
“Бошқача қилиб айтганда, шахсий манфаатини кўзлаб зулмга учраган одамлар”, дея таъкидлади Жапаров.
Қирғизистон мустақилликка эришгандан бери уч марта давлат тўнтаришини бошидан кечирди. Республиканинг биринчи президенти Асқар Акаев 2005 йилда, иккинчи президент Қурманбек Бакиев 2010 йилда, бешинчи президент Сооронбай Жеенбеков 2020 йилда ҳокимиятдан ағдарилган.
Маълумот учун, Қирғизистонда муддатидан олдин парламент сайловлари 2025 йил 30 ноябрда бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров аҳолидан қиш мавсумида электр таъминотидаги узилишлардан нолимасликни сўраганди.