Жавоҳир Синдоров FIDE Жаҳон кубоги финалига чиқди (видео)
Спорт
−
23 Ноябрь 5638 2 дақиқа
Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида бўлиб ўтаётган шахмат бўйича 2025 йилги Жаҳон кубогининг ярим финал беллашувида ўзбекистонлик шахматчилар Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Ёқуббоев бир-бирига қарши дона сурди. Якунда Синдоров FIDE Жаҳон кубоги финалига чиқди.
Нодирбек Ёқуббоевни 2,5:1,5 ҳисобида мағлубиятга учратган Синдоров финалда россиялик шахматчи Андрей Есипенко устидан зафар қучган хитойлик Вэй И билан беллашади. Учинчи ўрин учун ўйинда Ёқуббоев ва Есипенко баҳслашади.
FIDE Жаҳон кубоги мусобақасида дастлабки уч ўринни олган шахматчилар 2026 йилги шахмат тожи учун даъвогарлар турнирига йўлланма олади. Синдоров бу галги ғалабаси орқали ушбу турнирда иштирок этадиган бўлди.
Демак, 2026 йилги даъвогарлар турнирида илк бор камида бир ўзбекистонлик шахматчи қатнашади. 3-ўрин учун баҳс бўлиши ҳисобга олинса, Ёқуббоевда ҳам ҳали имконият мавжуд.
Келгуси йилнинг 28 март - 16 апрель кунлари Кипрда бўлиб ўтадиган ушбу турнирга ҳозирча қуйидагилар йўлланма олган:
- Фабиано Каруана (АҚШ);
- Аниш Гири (Нидерландия);
- Маттиас Блюбаум (Германия);
- Хикару Накамура (АҚШ);
- Жавоҳир Синдоров (Ўзбекистон);
- Вэй И (Хитой).
Турнирга йўлланма олганлар ўртасида бўладиган баҳсларда ғолибликни қўлга киритган шахматчи дунё шахмат тожининг амалдаги эгаси Гукеш Доммаражуга (Ҳиндистон) қарши дона суради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20-26 май кунлари Швециянинг Мальмё шаҳрида “Tepe Sigeman & Co Chess 2025” турнири бўлиб ўтганди ва унда ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров ғолиб бўлганди.
Live
Барчаси