ЖЧнинг ҳар бир ўйини икки марта уч дақиқага тўхтатилади
Спорт
−
09 Декабрь 1984 2 дақиқа
2026 йилги Жаҳон чемпионати ўйинларида, об-ҳаво шароитидан қатъи назар, ҳар бир бўлим ўртасида уч дақиқалик “cooling break” танаффуси бўлади. Бу ҳақда FIFA хабар берди.
Халқаро футбол ташкилоти баёнотига кўра, ҳакамлар ҳар бир бўлимнинг 22-дақиқасида ўйинни тўхтатиб, футболчиларга сув ичиш ва тикланиш учун шароит яратади. FIFA бу янги тартиб амалдаги қоидаларнинг соддалаштирилган шакли эканини таъкидлади. Аввалги регламентга кўра, ўйин бошланишидаги ҳарорат 31 даражадан юқори бўлса, ҳар бўлимнинг 30-дақиқасида “cooling break” танаффуси ўтказилиши талаб этилган.
“Ҳар бир ўйинда қайси стадионда ўтказилишидан қатъи назар ва ҳарорат қандай бўлишидан қатъи назар уч дақиқалик сув ичиш танаффуси бўлади”, дейди турнирнинг АҚШдаги бош директори Маноло Зубирия.
Бу қарор жорий йилнинг ёз ойларида АҚШда бўлиб ўтган Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати вақтида кузатилган юқори ҳароратли ўйинлардан сўнг қабул қилинган. Ўша турнирда бир нечта ўйинлар кескин иссиқ пайтларда бошланган ва футболчиларнинг ҳолати борасида муҳокамалар кучайган эди.
Football for the Future, Common Goal ва Jupiter Intelligence томонидан эълон қилинган тадқиқотда, 2026 йилги мусобақа ўтказиладиган АҚШ, Мексика ва Канададаги 16 стадиондан 10 тасида экстремал иссиқлик стресси хавфи юқори экани аниқланган.
“Сув ичиш учун танаффуслар жорий этилиши футболчилар учун энг мақбул шароитларни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир. Бу аввалги турнирлардан, жумладан яқинда ўтказилган Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидан олинган тажрибага асосланади”, дейилади FIFA баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросимида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Португалия, Колумбия ва Ямайка/Конго/Янги Коледония ўтиш ўйини ғолиби билан бирга “K” гуруҳидан жой олган эди.