Латакиядаги қирғин Жўлоний учун қора доғми?

Таҳлил

Сурияда салкам бир ҳафта давом этган беқарорлик тинчиди. 6 март куни мамлакат тепасида турган янги ҳукумат Ўртаер денгизи қирғоқларидаги ҳудудда жиддий муаммо билан юзлашганди. Муваққат президент Аҳмад аш-Шара олдидаги энг қалтис масала бугун Суриянинг катта қисмини назорат қилаётган курд жангарилари билан тил топишиш ва уларнинг ҳаракатларини сўндириш дея таъкидланаётган бир пайтда Асад режимининг тарафдорлари кўпчилик учун кутилмаган “сюрприз” тайёрлагани маълум бўлди. Аммо аш-Шара буни “кутилган муаммо” деб таърифлади. Чунки эски режим ағдарилгандан буён Тартус ва Латакия вилоятларида Асад тарафдорлари ҳали ҳам янги ҳукумат учун жиддий “бош оғриғи” бўлиб келаётгани аён бўлди. Асадлар мансуб бўлган алавийлар уруғи мазкур ҳудудларда қарор топган бўлиб, ҳозирги муваққат ҳукуматга у ёки бу кўринишда қаршилик қилиб келган. Янги ҳукуматга тегишли хавфсизлик кучларининг Асад тарафдорларига қарши ҳужумга ўтиши эса якунда можаронинг қонли кўриниш олишига олиб келди. Тўқнашувларда эса умумий ҳисобда мингдан ортиқ одам ҳалок бўлгани айтилмоқда. Аммо расмий Дамашқ ҳозирда можаро тинчигани ҳамда вазият анча барқарорлашганини маълум қилди. Бироқ ҳукумат кучлари томонидан тинч аҳолига нисбатан зўравонлик қилингани ва оммавий қатллар ҳақида гап-сўзлар авжида. Бу эса ҳокимият тепасида келганига эндигина 3 ой тўлган Аҳмад аш-Шаранинг репутацияси ва халқаро майдондаги имижига таъсир қилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Чунки Латакия ва Тартусдаги воқеалар бундан 14 йил олдин Башар Асад томонидан Идлибда йўл қўйилган ўта қўпол хатони эслатмай қўймайди. Чунки тинч аҳолига нисбатан қирғин уюштирилган ўша лаҳзалар Суриянинг кейинги тақдирини белгилаб берганди. Хўш, Аҳмад аш-Шара айни пайтда бу масалада қандай йўл тутмоқда? У Асаднинг 2011 йилги хатосини такрорлайдими? Ёки аллақачон такрорлаб бўлдими?

“Асад қолдиқлари” билан тўқнашув

“Ҳаят Таҳрир аш-Шом” бошчилигидаги кучлар 2024 йил декабрда Сурияда Асадни ағдариб, ҳокимиятни қўлга киритганидан бери улар Асад уруғига мансуб алавий озчилик вакилларининг мунтазам ҳужумларига дуч келишган. 6 март куни эса Суриянинг янги ҳукумати мамлакатдаги аҳолининг 10/1 ини ташкил қилувчи ушбу этник гуруҳга қарши йирик операция бошлади. Амалдаги  ҳокимиятнинг бундай ҳаракати ҳокимиятдан ағдарилган Асад режими тарафдорлари томонидан хавфсизлик кучлари ходимларига амалга оширилган ҳужумлардан кейин содир бўлди. Аслида эса Асад қулагандан буён янги ҳукумат кучлари у мансуб бўлган алавийлар ичида эски режим тарафдорларини тозалаш ишларини мунтазам амалга ошириб келган. Бу ҳам ўз-ўзидан икки ўртадаги зиддият аланга олишига сабаб бўлган омиллардан бири бўлган. Шу тариқа “алавийлар қўзғолони” деб аталаётган можаро авж олди. Исёнга Асад режимидан қолган генераллардан бири Ғиёс ад-Давла бошчилик қилгани айтилади. Исён бошланганидан бир кун ўтиб, 7 март санасида “Ҳаят Таҳрир аш-Шом”нинг қўшимча кучлари кўмагида қўзғолончилар чекинишга мажбур этилган. Ҳудуддаги тинч аҳоли қирғини ҳам айнан шу куни амалга оширилгани айтилмоқда. Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси маълумотларига кўра, тинч аҳоли хавфсизлик кучлари ёки ҳукуматпараст жангчилар томонидан қатл қилинган бўлиши мумкин. 

Зўравонлик уринишлари икки томондан ҳам содир этилган. Хусусан, Суриянинг SANA давлат ахборот агентлиги 8 март куни эрта тонгда “ағдарилган Асад режимининг қолдиқлари” қирғоқ бўйидаги Латакия шаҳрида жойлашган миллий шифохонага ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди. Асад тарафдорлари бир нечта уйларни ёқиб юборган, машиналарни ўғирлаб, хонадонларни талон-торож қилган. SANA ахборот агентлиги хабарига кўра, Асаднинг режими тарафдорлари SADCOP нефть компаниясининг Латакиядаги объектига ҳужум қилган. Сурия хавфсизлик кучлари эса ҳужумни қайтаришга муваффақ бўлган. Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара эса исёнчиларни “кеч бўлмасдан туриб қуролларини ташлаб, таслим бўлишга” чақирди. Сурия янги ҳукумати хавфсизлик хизмати вакили қирғоқ бўйидаги Латакия ва Тартус вилоятлари шаҳарлари, қишлоқлари ва тоғларида “хавфсизликни тиклаш” бўйича бошланган операция “Асад жангарилари қолдиқлари ва уларни қўллаб-қувватлаётганларга қарши қаратилган”ини айтди ва маҳаллий аҳолини “уйларида қолиш”га чақирди.

10 март кунига келиб исёнчиларга қарши қаратилган операция якунланди. Аммо ушбу можарода ҳалок бўлганлар сони мингдан ошиб кетгани ҳақида хабар берилди. Сурия Инсон ҳуқуқларини кузатиш обсерваторияси маълумотларига кўра, 745 нафар қурбон оддий фуқаролар бўлиб, уларнинг аксарияти яқин масофадан отиб ташланган. Ҳалок бўлганлар ичида яна 125 киши ҳукумат хавфсизлик кучлари вакиллари, 148 нафари эса Башар Асад билан боғлиқ қуролли гуруҳ аскарлари бўлган. Мазкур можаро юқоридаги рақамлар билан Сурияда 14 йилдан буён давом этаётган беқарорлик йилларида ичидаги энг даҳшатли қирғинлардан бири сифатида тилга олиняпти. Маҳаллий аҳоли кўча ва бино томларида жасадлар ётганини, уларни олиб кетишнинг имкони бўлмаганини билдирган. Қуролланган шахслар маҳаллий аҳолига ўз қурбонларини дафн этишга рухсат бермаган. Қайд этилишича, Суриядан қочаётган одамлар асосан Ливанга йўл олмоқда, баъзилар эса Россия авиабазаларидан бошпана топган.

Хатони тан олиш

Кеча, 10 март куни Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара Латакия вилоятида юз берган инқироз муваффақиятли енгиб ўтилганини маълум қилди ва сўнгги воқеаларни “кутилган муаммо” деб атади. Сурия ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара Латакия вилоятида армия ва ҳокимиятдан ағдарилган Асад режими тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувларни Башар Асад режими тарафдорлари томонидан “ўзлари билмаган янги Сурияни синаб кўриш ҳаракати” деб изоҳлади. Сурия Мудофаа вазирлиги вакили Ҳасан Абдул Ғани ҳам хавфсизлик кучлари ва алавий жангари гуруҳлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлган Суриянинг Латакия ва Тартус вилоятларидаги вазият барқарорлашганини маълум қилди. Мудофаа вазирлиги вакили ҳукумат кучлари ҳарбий операцияни якунлаб, “олдинги тузумнинг қолдиқ гуруҳларини йўқ қилишга муваффақ бўлди”, дея баёнот берди.

Аммо нима бўлган тақдирда ҳам 5 кунлик беқарорлик даврида мингдан ортиқ қурбон берилди. Баъзи манбалар ҳалок бўлганлар сони 1300 дан ошгани ҳақида хабар берди. Энг ачинарлиси эса уларнинг асосий қисми тинч аҳолидир. Аҳмад аш-Шара бошчилигидаги янги маъмурият исённи бостириш давомида йўл қўйилган баъзи қўпол хатоларни рад қилмади. Аммо улар бу учун асосий айбдор сифатида ўз хавфсизлик кучларини эмас, балки уларга ўзбошимчалик билан ихтиёрий равишда ёрдам берган тарқоқ гуруҳларни айблади. Шундай бўлса-да, мазкур қонли можаро давомида йўл қўйилган хатоларни текшириш ва ўлимлар учун айбдорларни жазолаш мақсадида махсус қўмита тузилгани ҳам маълум қилинди. Аш-Шара барча айбдорларни жазолашга ваъда берди.

Сурияни бугунги аҳволга солган хато

Латакияда содир бўлган қонли зўравонликлар 14 йил олдин Идлибдаги бир шаҳарда Асад томонидан қилинган Сурия тарихидаги энг ҳалокатли қарорни ёдга солади. Негаки, бугунгача мавжуд бўлган маълумотлар ушбу икки воқеада ҳам тинч аҳоли ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилганини англатади. Ўшанда Башар Асад томонидан Жиср аш-Шуғур шаҳрида қилинган қирғин Суриянинг бугунги аҳволга келишида ҳал қилувчи роллардан бири бўлиб тарихга кирди.

2010 йил декабрь ойида Тунисда бошланган порахўрлик ва коррупцияга қарши намойишлар 2011 йилда бутун Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги араб давлатларига ёппасига ёйилганди. Тарихга “Араб баҳори” номи билан кирган мазкур жараён ҳудудларда келгусида бошланажак қонли фуқаролар уруши учун асос бўлиб хизмат қилди. Кўп ўтмай Сурия ҳам ана шундай биродарлар уруши гирдобида қолди. Олий ҳокимият ва мухолиф кучлар ўртасида аёвсиз қирғинлар бошланди. Икки ўртада эса тинч аҳоли азоб-уқубат исканжасига ғарқ бўлди. Оддий халқ эзғиланган кўп сонли урушлардан бири 2011 йил июнь ойида Туркия билан чегарада жойлашган Идлибдаги Жиср аш-Шуғур шаҳрида бўлиб ўтади. Бу воқеа Суриянинг дунёда тутган ўрни ва сиёсий имижининг кейинги тақдирини белгилаб берди, шу ўринда Асадникини ҳам. Пойтахт Дамашқдан 330 км, Туркия билан чегарадан эса 20 км узоқликда жойлашган Жиср аш-Шуғур шаҳрида ўша пайтда 50 минг аҳоли яшашарди. 6 июнь куни шаҳарда 120 аскар ва полицияси намойишчилар томонидан йўқ қилингани ҳақида хабарлар тарқалади, худди бир ҳафта олдин Латакияда исёнчилар томонидан янги ҳукуматнинг 13 нафар хавфсизлик ходими ўлдирилгани ва унинг ортидан тўқнашув жиддийлашиб кетгани каби. 14 йил олдин, ўшанда, Сурия хавфсизлик кучлари 9 июнь куни шаҳарга етиб келиб, 12 июнь куни эрта тонгда 200 га яқин ҳарбий техника, жумладан, танклар ва вертолётлардан фойдаланган ҳолда ҳудудда операция бошлайди, худди бугун Латакияда янги ҳукумат кучлари исёнчи алавийларга қарши операция бошлагани каби. 2011 йил ёзида қилинган бу ҳаракат бутун дунёда Асаднинг ўз халқига қурол кўтарган қотил раҳбар сифатида гавдаланишига олиб келди. Аммо Сурия давлат матбуоти, ўша пайтда “Жиср аш-Шуғур яқинида ва шаҳар ичида ҳукумат армияси ўз ўрнини эгаллаб, ҳарбий ҳаракатлар бошлаган пайтда шаҳар деярли бўш бўлган”, дея хабар беради. Армия генерали қўшинлар фақат ўз сафдошларининг ўлимига сабабчи бўлганларни топишга ҳаракат қилаётгани, шаҳарни эса ўққа тутмаганини айтган. Аммо маҳаллий аҳоли журналистларга полициянинг ўлдирилиши Асаднинг махсус хизматлари томонидан атайин уюштирилгани, бу орқали улар намойишчиларга қарши “жавоб террори” уюштиришни режалагани ҳақида айтиб берган. Бир қанча жонли гувоҳларнинг “Al-Jazeera”га берган маълумотларига кўра эса мазкур қирғин ҳукумат қўшинлари ва полициянинг бир қисми қўзғолон кўтариб, маҳаллий аҳолига қўшилган ҳолда ҳокимиятга қарши ҳаракат қилгани учун бошланган. Шу тариқа, ушбу воқеалар фонида шаҳардаги тинч аҳоли турли томонларга тарқаб кетади. 4000 дан ортиқ суриялик Жиср аш-Шуғурдан атиги 20 км узоқликда жойлашган Туркия билан чегара томон йўл олади, худди ҳозир Латакия ва Тартусдаги қонли тўқнашувдан қочганлар Ливанга йўл олгани каби.

Шундай қилиб, Асаднинг мазкур қадами жуда-жуда қимматга тушганди. Аммо бу диктатор томонидан ўзининг 24 йиллик репрессив режими давомида йўл қўйилган охири кўринмас хатолар занжирининг бошланиши эди, холос. Асад режимига қарши кўтарилган норозиликлар узоқ йиллик фуқаролар урушига олиб келди. Мамлакат бўлакларга бўлиниб кетди. Энг ачинарлиси эса мазкур воқеалар фонида мамлакат терроризмнинг чиркин уясига айланди. Инсоният учун энг жиддий хавфлардан бири – ИШИД террорчи ташкилоти Сурияда ҳосил бўлган назорат бўшлиғини тўлдирди. Асад эса ИШИД ва бошқа террорчилар, шунингдек, исёнчи гуруҳларга қарши курашда Россия ва Эрон ёрдамига таянди. У бу орқали мамлакатнинг кўплаб ҳудудлари устидан назоратни қайтариб олишга муваффақ бўлди, аммо Сурия бу иттифоқчилик оқибатида Москва ва Теҳрон манфаатлар зонасига айланди. Мазкур йиллар давомида Башар Асад Россия кучлари ёрдамида тинч аҳолини қирғин қилишда давом этди. Тўғри, Россия ҳаво ҳужумлари ИШИД ва бошқа террорчиларга қаратилганди. Аммо маълум муддат давомида 6000 ИШИД жангарилари йўқ қилиниши билан бир вақтда 10000 дан ортиқ тинч аҳоли ҳам ҳалок этилиши одатий ҳолга айланганди. Башарнинг репрессив режими ҳўл-у қуруқни бирдек ёқди. Фуқаролар уруши эса умумий ҳисобда ярим миллион одамнинг ҳалок бўлишига сабабчи бўлди. Шу ва бошқа факторлар охир-оқибат Асад режимига нуқта қўйилишига олиб келди. Бу жараёнларнинг ортида турган энг асосий омиллардан бири эса, унинг ўз аҳолиси, фуқароларига ўқ узган эканини унутмаслик лозим. Ўтган кунлар давомида аш-Шара ҳам шу хатони такрорладими ёки йўқ, буни аниқ айтиш қийин. Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам у Асад билан олиб борган 14 йиллик қарама-қаршилиги давомида унинг хатоларидан хулоса чиқарган бўлиши керак. Акс ҳолда Сурия тез орада яна терроризм, қон тўкилиши ва бошқа хунрезликлар маркази мақомига қайтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Башар Асад Идлиб Араб баҳори Дамашқ Ҳаят Таҳрир аш-Шом Аҳмад аш-Шара Тартус ва Латакия Жиср аш-Шуғур

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг