Чегара орқали Ўзбекистонга 19 килодан ортиқ “гашиш” олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди
3-саҳифа
−
16 Январь 1739 2 дақиқа
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара орқали 19 килограммдан ортиқ гашишни олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижон шаҳрида яшовчи, 1985 ва 1989 йилда туғилган 2 фуқаро ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг Наманган вилояти Уйчи тумани “Янгиер” МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида ҳаракатланаётган вақтларида тўхтатиб текширилган. Уларнинг ёнида бўлган юк сумкаси ичида 19 кг 169 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, наркотикни олиб кетиш учун ёрдамлашиш мақсадида келган вақтида, уларнинг ҳамшаҳари ҳам ушланган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида фуқаролар қирғизистонлик наркосавдогар билан тил бириктириб, ушбу моддани келгусида сотиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудига контрабанда қилганликлари маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 2-қисми ва 25,273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ ва ИИО ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган бошқа тезкор тадбирда эса Янги Наманган туманида яшовчи, муқаддам судланган аёл бошқа бир фуқародан 200 млн сўмга сотиб олишга келишиб, у томонидан матолар орасига яширган ҳолда Марғилон шаҳридан йўловчи машинада юборилган 1 кг 953 гр “гашиш” моддасини қабул қилиб олган вақтида ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 25,273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистонга ноқонуний олиб кетилаётган дори воситалари тўхтатиб қолинганди.
Live
Барчаси