Эрон Олий раҳбарининг аҳволи қандайлиги айтилди

Олам

image

Эроннинг янги Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий февраль ойи охиридаги авиазарба оқибатида олган оғир жароҳатларидан сўнг соғайишда давом этмоқда. Бу ҳақда раҳбарга яқин учта манбага таяниб, “Reuters” хабар берди.

Нашр суҳбатдошларининг айтишича, АҚШ ва Исроил урушининг биринчи кунида Теҳрон марказидаги Олий раҳбар қароргоҳига берилган зарба оқибатида Хоманаийнинг юзи жароҳатланган (хунук ҳолатга келган) ва оёқларидан оғир жароҳат олган. Шунга қарамай, манбаларга кўра, Эрон етакчиси “ақли расолигини сақлаб қолган”. У юқори мартабали мулозимлар билан аудиоконференциялар орқали мажлисларда иштирок этмоқда ва муҳим масалалар, жумладан, Вашингтон билан музокаралар бўйича қарорлар қабул қилишда давом этмоқда.

56 ёшли Мужтабо Хоманаий Олий раҳбарлик лавозимини отаси, Оятуллоҳ Али Хоманаий 28 февраль куни АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлганидан кейин эгаллаган эди. “Fars” маълумотларига кўра, ҳужум пайтида собиқ Олий раҳбарнинг қизи, келини ва куёви ҳам ҳалок бўлган. “Mehr”, шунингдек, Хоманаийнинг 14 ойлик набираси вафот этгани ҳақида ҳам ёзган.

“Reuters”нинг қайд этишича, жароҳатланганидан бери Хоманаий омма олдида кўриниш бермаган, унинг қаердалиги ва аҳволи ошкор қилинмаяпти. 8 март куни тайинланганидан бери унинг иштирокидаги бирорта фотосурат, видео ёки аудиоёзув эълон қилинмаган. Етакчининг тезкор штабга кириб, Исроилнинг Димонадаги ядровий тадқиқот маркази харитасини таҳлил қилаётгани акс этган видео бундан мустасно.

“The Times” АҚШ ва Исроил разведка маълумотларига таяниб, Мужтабо Хоманаий Эроннинг Қум шаҳрида даволанаётгани ва ҳушсиз ҳолатда, оғир аҳволда эканини ҳам ёзган эди. Бу орада Эрон ТИВ вакили Исмоил Бағоий Хоманаий билан “ҳаммаси жойида” эканини маълум қилган. Мулозим Олий раҳбарнинг омма олдида чиқиш қилмаётганини ҳарбий вазият билан изоҳлаган.

АҚШ Президенти Дональд Трамп, ўз навбатида, Мужтабо Хоманаийнинг ўлган бўлиши ёки ўта оғир аҳволда эканини истисно қилмаганди, чунки “у ғойиб бўлган”. Пентагон раҳбари Пит Хегсет эса унинг “яралангани ва эҳтимол юзи шикастлангани” ҳақида гапирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп жорий йилнинг 7 апрель куни эълон қилган 2 ҳафталик сулҳ асносида Исломободда Америка ва Эрон делегацияларининг учрашуви бошлангани ҳақида хабар берилган эди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Мужтабо Хоманаий Олий раҳбар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг