Тарихий антирекорд: Эронда 42 кундан бери интернет ишламаяпти
Олам
−
11 Апрель 781 2 дақиқа
Эронда интернет алоқаси 42 кундан буён деярли тўлиқ ишламай келмоқда. Бу ҳақда “NetBlocks ”халқаро интернет мониторинг хизмати хабар қилди.
Ташкилот маълумотларига кўра, интернет ўчирилиши 42-кунга ўтиб умумий ҳисобда 984 соатдан ошган. Бу ҳолат мамлакат бўйлаб деярли тўлиқ интернет изоляцияси сифатида баҳоланмоқда. “NetBlocks”га кўра, бу ҳодиса глобал мониторинг тарихида бутун бир давлат миқёсида қайд этилган энг узоқ интернет узилишларидан бири ҳисобланади.
Мутахассислар фикрича, бундай узоқ давом этаётган чекловлар аҳолининг кундалик ҳаётига жиддий таъсир кўрсатади: онлайн хизматлар, алоқа, таълим ва иқтисодий фаолият сезиларли даражада издан чиқади.
Ҳозирча интернет узилишининг аниқ сабаблари ва унинг қанча муддат давом этиши ҳақида расмий ва тўлиқ маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллаши билан АҚШ–Исроил–Эрон уруши бошланган эди. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинганди.
Узоқ вақт давом этган урушлар фонида жорий йилнинг 7 апрель куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳормуз бўғозини тўлиқ ва зудлик билан очиш эвазига Эронга бериладиган зарбалар икки ҳафтага тўхтатилишини эълон қилган эди.
Исроил АҚШни қўллаб-қувватлади, бироқ расмийлар ўт очишни тўхтатиш режими Ливанга тааллуқли эмаслигини қайд этди.
Ўша куни Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) ҳарбий операция бошланганидан бери Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” инфратузилмасига қарши энг йирик ҳужум якунланганини маълум қилди.
Қўшма Штатлар ҳам Ливан ўт очишни тўхтатиш келишувига кирмаслигини билдирди. Ливанга қилинган ҳужумлардан сўнг Эрон Ҳормуз бўғозини қайтадан ёпиб қўйди.
Live
Барчаси