Қозоғистонда қор бўронида қолиб кетган уч ўзбекистонлик қутқарилди
Олам
−
12 Февраль 3390 1 дақиқа
Қозоғистонда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари қор бўронида қолиб кетган уч нафар ўзбекистонликни қутқарди. Бу ҳақда вазирликнинг расмий саҳифасида хабар берилди.
Маълум қилинишича, қутқарувчилар 24 соат ичида 87 нафар фуқаро, жумладан 6 нафар болани қутқариб, эвакуация қилган. Шунингдек, 10 та автомашина қор уюмларидан чиқариб олинган.
Қарағанда вилоятида “Остона – Қарағанда” (айланма йўл орқали) республика аҳамиятидаги автомобиль йўлининг 948-километрида енгил автомашина йўл четидаги зовурга тушиб кетган. Машина салонида Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси бўлган. Қутқарувчилар уларни эвакуация қилиб, иситиш пунктига етказган. Махсус техника ёрдамида автомашина тозаланган йўл қисмига тортиб чиқарилган.
Шунингдек, “Улутау – Жезқазған” трассасида, Улутау қишлоғидан 35 км масофада енгил автомашина қор уюмида қолиб кетган. Салонда 8 нафар йўловчи бўлган. Қутқарувчилар транспорт воситасини қордан чиқариб, тозаланган йўл қисмига олиб чиққан, йўловчилар сафарни давом эттирган.
“Қозоғистон ФВВ фуқароларни эҳтиёткорлик чораларига риоя қилишга, огоҳлантиришларни кузатиб боришга ва ноқулай об-ҳавода узоқ сафарларга чиқмасликка чақиради. Қишлоқ жойларда яшовчиларга об-ҳаво ёмонлашганда узоқ пиёда юришдан тийилиш тавсия этилади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) қутқарувчилари Қашқадарё вилоятида қор бўронида қолиб кетган ўн кишини қутқариб қолганди.
Live
Барчаси