Мирзиёев Грузия Бош вазирини қабул қилди
Жамият
−
05 Август 4350 2 дақиқа
Бугун, 5 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга амалий ташрифи доирасида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзени қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Грузия Бош вазирининг жорий йил март ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш натижалари мамнуният билан қайд этилган.
“Фаол идоралараро алоқалар давом этмоқда, ташқи ишлар ва иқтисодиёт вазирларининг учрашувлари ўтказилди. Товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони ошмоқда”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, учрашувда ўзаро товар етказиб беришни кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат тармоқларида, шунингдек, логистика соҳасида кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилган.
Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 4 март куни Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе расмий ташриф билан Тошкентга келганди. Ўшанда ҳам Шавкат Мирзиёев Кобахидзе бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди. Учрашув давомида савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-логистика, туризм ва маданият соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Қолаверса, парламентлар ва ҳукуматлар даражасидаги алоқалар фаоллашгани алоҳида мамнуният билан қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича конференцияси доирасида Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашуви бўлиб ўтганди. Унда глобал ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари, шу жумладан БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак 80-юбилей сессиясини ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.
Live
Барчаси