Ороллар устидаги баҳс: Япония тадбири Корея ғазабини қўзғатди
Олам
−
22 Февраль 10316 2 дақиқа
Жанубий Корея Японияда ўтказилган баҳсли ороллар бўйича расмий тадбирга кескин норозилик билдирган. Сеул Токио томонидан ташкил этилган “Такэсима куни” маросимини ўз ҳудудига нисбатан асоссиз суверенитет даъвоси деб баҳолаган. Бу ҳақда “Reuters” ёзди.
Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Япониянинг “Shimane Prefesture” ҳукумати томонидан ўтказилган маросим ва унда юқори мартабали амалдор иштирок этгани “қатъий рад этилади”. Сеул Токиони ушбу тадбирни дарҳол бекор қилишга чақирди.
Докдо ёки Такэсима?
Баҳсли ҳудуд – икки давлат ўртасидаги майда оролчалар мажмуаси. Япония уни Такешима деб атаган бўлса, Жанубий Корея назорати остидаги ороллар “Докдо” номи билан юритилади.
Сеул таъкидлашича, Докдо “тарихий, географик ва халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан Жанубий Кореянинг ажралмас ҳудуди” ҳисобланади. Баёнотда Япония “асоссиз даъволардан воз кечиши ва тарихга камтарлик билан юзланиши” кераклиги урғуланган. Шу муносабат билан Токио элчихонасининг юқори мартабали дипломати вазирликка чақиртирилиб, расмий нота топширилган.
Тарихий зиддият фонида
Икки давлат ўртасидаги муносабатлар Япониянинг 1910-1945 йилларда Корея яриморолини мустамлака қилиши билан боғлиқ тарихий баҳслар сабаб ҳали ҳам мураккаб.
Ороллар нафақат рамзий аҳамиятга эга, балки серҳосил балиқчилик ҳудудида жойлашган. Сеул таъкидлашича, улар табиий газ захираларига ҳам эга бўлиши мумкин, бу эса иқтисодий қийматни янада оширади.
Япония ТИВ ҳозирча расмий изоҳ бермаган. Маълум қилинишича, маросимда вазир эмас, балки ҳукуматнинг вице-вазири даражасидаги амалдор иштирок этган.
Докдо/Такэсима масаласи икки давлат ўртасидаги энг сезгир мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир рамзий қадам ҳам дипломатик кескинликни янада кучайтириши мумкин.
Live
Барчаси