Путинга исталган мамлакатга ҳужум қилиш ваколати берилди
Олам
−
15 Апрель 24380 2 дақиқа
Россия Давлат Думаси Президент Владимир Путин ваколатларини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Унга кўра, Президент хорижий давлатларда россиялик фуқароларни “ҳимоя қилиш” мақсадида армияни юбориши мумкин. Бу ҳақдаги қонун лойиҳасига таяниб, “Интерфакс” хабар берди.
Ҳужжатга кўра, агар Россия фуқаролари бошқа давлатларда ҳибсга олинса, ушлаб турилса ёки таъқиб қилинса, Россия Президенти ҳарбий куч ишлатиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бу, айниқса, Москва тан олмайдиган халқаро суд органлари ёки Россия иштирокисиз қарор чиқарадиган судларга нисбатан қўлланилади.
Аслида, амалдаги қонунчиликка кўра ҳам Президент хорижда ҳарбий куч ишлатиш ваколатига эга эди. Аммо янги қонун лойиҳаси бу имкониятларни янада кенгайтиради ва аниқроқ асослар билан мустаҳкамлайди.
Мазкур ташаббус НАТО ва Европа разведкалари томонидан Россиянинг эҳтимолий ҳарбий фаолияти ҳақидаги огоҳлантиришлари фонида илгари сурилган. Айрим Ғарб экспертлари Россия яқин йилларда Европада кенгроқ можарога тайёргарлик кўраётган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда, яъни Россиянинг бу қадами Европа учун “сигнал” бўлиши мумкин.
Давлат Думаси вакиллари эса, қонун лойиҳаси Россия фуқаролари ва ташкилотларини “хориждаги ноқонуний ҳаракатлардан ҳимоя қилиш” учун зарур эканини билдирган.
“Давлат Думасининг Мудофаа қўмитаси қонун лойиҳасининг концепциясини қўллаб-қувватлайди, чунки таклиф этилаётган меъёр Россия фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, Россия ташкилотларини хорижий ноқонуний тажовузлардан ҳимоя қилишга, шунингдек, ташқи йўналишда давом этаётган ашаддий русофобия кампаниясига қарши курашишга ёрдам беради”, деган Давлат Думасининг Мудофаа қўмитаси раиси Андрей Картаполов.
Қайд этиш жоиз, Путиннинг Европага ҳужум қилиши ҳақидаги таҳминлар бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Кремль бир неча бор бу каби “асоссиз сўзлар”ни рад этган бўлса-да, Европа мунтазам равишда “келажакдаги ҳужум”га тайёргарлик кўриб келмоқда.
Live
Барчаси