Шавкат Мирзиёев Темурийлар тарихи давлат музейига борди
Жамият
−
15:12 801 3 дақиқа
Бугун, 9 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топганининг 690 йиллиги муносабати билан реконструкция қилинган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълумки, Мовароуннаҳрни ягона давлат сифатида бирлаштирган Соҳибқирон пойтахти Самарқанд бўлган қудратли салтанат тузган. Ўзининг дунёга машҳур “Темур тузуклари” орқали давлатни бошқаришнинг ҳуқуқий мезонларини белгилаб берган. Илм-фан ва маданият ривожига ҳам беқиёс ҳисса қўшиб, Иккинчи уйғониш даври – темурийлар Ренессансига асос солган.

Унинг даврида бунёд этилган бебаҳо обидалар ўзбек халқининг миллий ғурури ва ўлмас тарихий мероси бўлиб хизмат қилмоқда. Амир Темурнинг “Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин”, дея таъкидлаган ҳикматли сўзлари бугун Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларда яққол акс этмоқда.

Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида жорий йил 5 февраль куни Президентнинг тегишли қарори қабул қилинган. Ҳужжатга кўра, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиниб, таълим муассасалари, илмий марказлар ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар ўтказилади.

Қарор ижроси доирасида дунёдаги машҳур музейларнинг энг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда Темурийлар тарихи давлат музейи биноси реконструкция қилинган, замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Рақамлаштириш орқали имкониятлари кенгайтирилиб, экспозициялари янгиланган, жумладан, хориждаги тўпламлардан харид қилинган экспонатлар билан бойитилган.

Жумладан, музейнинг биринчи қаватида “Буюк Соҳибқирон – Иккинчи Ренессанс асосчиси” бўлими ташкил этилган. Иккинчи қаватда эса сунъий интеллект ва “ақлли” технологиялар асосида Амир Темур даври ва темурийлар ҳақида интерактив экспозициялар жойлашган. Шунингдек, 3D форматдаги экспонатлар ҳамда хариталар намойиш қилинган.

Давлат раҳбари Темурийлар тарихи давлат музейининг янгиланган экспозицияси ва ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар билан танишар экан, аждодлар меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этишнинг нақадар муҳим эканига урғу берган.

“Дунё ҳавас қилгулик тарихимиз, меросимиз бор. Соҳибқирон тарихини жамлаган музей замонга муносиб янги қиёфага келгани яхши бўлди. Энди буни аҳолимизга, ёшларга, хорижлик меҳмонларга етказиш энг катта вазифамиз. Янги Ўзбекистонни юксалтириш учун керакли билимларни қаердан олиш мумкин десангиз, буларнинг барчаси – аждодларимиз қолдирган меросда, илмда. Шу боис, ёшларимизни, нуронийларни, умуман, аҳолимизни маҳаллабай тарзда музейларга олиб келиб, буюк тарихимиз ҳақидаги билимларини оширишимиз лозим”, дейди давлат раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев ташриф асносида Темурийлар тарихи давлат музейининг меҳмонлар китобига дастхат қолдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонига ташриф буюриб, Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбар қўйганди.
Live
Барчаси