Сирдарёда хитойликлар билан автомобиль ишлаб чиқариш бошланади
Жамият
−
04 Декабрь 5040 2 дақиқа
Келаси йилда Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида хитойлик ҳамкорлар билан автомобиль ишлаб чиқариш бошланади. Бу ҳақда бугун, 4 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида айтилди.
Қайд этилишича, автомобиль ишлаб чиқариш бўйича лойиҳанинг қиймати 122 миллион долларни ташкил қилади. Шунингдек, яқинда Қозоғистон билан Сирдарё туманидаги Марказий Осиё халқаро саноат кооперацияси марказига старт берилган. Ушбу марказ ҳудудида 300 миллион долларлик 14 та саноат корхонаси келаси йил 1-чорак якунида иш бошлайди, 2026 йилда яна 720 миллион долларлик 40 та янги лойиҳалар жойлаштирилади.
Ўтган йили томорқани ишга солиш, кичик саноат ва сервис орқали одамларнинг даромадини ошириш бўйича янгича ишлаш тизими Сайхунободдан бошланган. Тумандаги 13 минг хонадонда томорқадан самарали фойдаланиш ҳисобига ойлик даромад бир неча баробарга кўпайган. Маҳаллалардаги 1,8 минг хонадонда 5-6 сотихли, яна 622 тасида 2-3 сотихли иссиқхоналар қурилган. Бир ярим йилда 700 та янги тадбиркор иш бошлаган, 15 минг ишсиз доимий даромадга эга бўлган, 1,5 минг оила камбағалликдан чиққан.
“Қилса бўлар экан! Мана, энг “оғир” туманлардан бири бўлган Сайхунободда бугун ҳаёт, одамларнинг кайфияти қандай ўзгарганига гувоҳ бўляпсизлар”, дейди Президент.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гулистон шаҳридаги ички йўллар бўйлаб қатновларни амалга ошириш мақсадида 52 та автобус олиб келингани ҳақида хабар берилганди. Улар “Евро-5” стандарти талабларига тўлиқ жавоб беради ҳамда табиий сиқилган газда ҳаракатланади. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевга ушбу автобуслар тақдимот қилинди.
Live
Барчаси