Тошкентда Тожикистон элчихонасининг янги биноси очилди
Жамият
−
26 Март 2068 2 дақиқа
Бугун, 26 март куни Тожикистон Республикаси Президентининг давлат ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг Тошкент шаҳридаги элчихонасининг янги биноси очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон рамзий тасмани кесиб, дипломатик ваколатхонанинг янги биносини тантанали равишда очган.

Етакчилар элчихона ва консуллик бўлимининг маъмурий бинолари, элчи қароргоҳи, дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари учун тураржойларни ўз ичига олган мажмуани кўздан кечирган.


Маросим якунида Президентлар Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб, дипломатик ваколатхона ҳудудига дарахт эккан.


“Ушбу тадбир Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга бўлган ўзаро интилиш қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади”, дейилади хабарда.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Имомали Раҳмон давлат ташрифи билан Тошкентга етиб келганди. Тошкент халқаро аэропортида олий меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Шунингдек, Кўксарой қароргоҳида Имомали Раҳмонни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Кейинроқ эса Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон тор доирада музокара ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини ўтказди. Шунингдек, икки давлат етакчилари йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Ўзбекистон – Тожикистон Олий давлатлараро кенгашининг биринчи йиғилишидан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлди.
Live
Барчаси