Тожикистон чегарасидан 62 килодан ортиқ наркотик олиб ўтаётганлар ушланди (видео)
Олам
−
10 Март 3199 1 дақиқа
Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидан 62 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик моддаларини олиб ўтаётган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистон Республикасидан контрабанда қилинган катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинган.
Хусусан, “ўзбек-тожик” давлат чегарасининг Ховос тумани Шарқобод маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмида тожикистонлик наркокурьерлар томонидан чегара сим тўсиқлари устидан улоқтирилган 6 дона сумкаларни қабул қилиб олган вақтларида 1983 ва 1990 йилларда туғилган 2 нафар маҳаллий фуқаро чегара наряди томонидан ушланган.
Ушбу сумкалар холислар иштирокида кўздан кечирилганда, уларнинг ичида 8 кг 314 гр “героин” ва 54 кг 458 гр “опий” моддалари борлиги маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 2-қисми ва 25,273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида ўқитувчи 180 минг долларга наркотик сотаётганида қўлга тушганди.
Live
Барчаси