Ўқитувчиларга аттестацияда ёрдам бераётган бункер топилди
3-саҳифа
−
20 Ноябрь 9213 2 дақиқа
Наманган шаҳрида таълим тизимида ишловчи мансабдор шахслар томонидан ташкил қилинган бункер фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Наманган вилоятининг Давлатобод туманидаги мактабнинг директор ўринбосари, Наманган давлат техника университети бўлим бошлиғи ҳамда ушбу бўлим мутахассиси ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, малака тоифаларини белгилаш учун ўтказилган аттестация имтиҳонлари доирасида тест синовларини топширишида ўқитувчиларга моддий манфаат эвазига бункер орқали масофадан туриб ёрдам бергани аниқланган.
Ўтказилган тезкор тадбирда бункер сифатида фойдаланилаётган хонадон кўздан кечирилди. Натижада, ушбу манзилда тест саволларини ечишга жалб қилинган 12 нафар ўқитувчи борлиги аниқланиб, ноутбук, 30 дона ҳар хил турдаги эшитиш мосламаси ва яширин камералар, 8 дона Wi-Fi роутер ва бошқа буюмлар ашёвий далил сифатида олинди.
Терговга қадар текширув тадбирлари давомида мактаб директорининг ўринбосари ва бошқалар имтиҳон натижаларини ижобий ҳал қилиб беришга ишонтирган ҳолда, вилоятдаги ўқитувчиларнинг маълум бир қисмидан 1300-1500 доллардан талаб қилиб, жорий йил сентябрь-октябрь ойларининг ўзида 25 минг доллар миқдорида пул маблағи йиғиб олишган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодекснинг 168-моддаси (фирибгарлик) учинчи қисми “б” банди ва 28, 211-моддаси (пора бериш) иккинчи қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХнинг ёзишича, Давлатобод туманидаги мактаб директори ўринбосари ҳамда бункерни бошқараётган, 2001 йилда туғилган фуқаро муқаддам айнан шундай жиноят содир этгани учун жавобгарликка тортилган шахслар ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида 47 ёшли мактаб ўқитувчиси гиёҳванд моддалар сотаётганда қўлга олинганди.
Live
Барчаси