Ҳиндистондаги заҳарли об-ҳаво сабаб мактаблар ёпилди
Олам
−
15 Декабрь 2206 2 дақиқа
Ҳиндистонниг Деҳли шаҳрида ҳаво сифатининг хавфли даражада ёмонлашгани сабаб ҳукумат мактабларда дарсларни онлайн режимга ўтказиб, шаҳардаги барча қурилиш ишларини тўхтатди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 15 декабрь тонгида шаҳарни қалин заҳарли туман қоплаган. Атрофни кўриш ёмонлашиб, парвозлар ва поездлар кечикиши кузатилган.
Шаҳарнинг ҳаво сифати индекси (AQI) 471 баллга етган. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсия қилган меъёрдан 30 баробар юқори кўрсаткичдир. Бу даражадаги ифлосланиш, айниқса, ёш болалар ва кексаларда жиддий саломатлик муаммоларини келтириб чиқариши мумкин.
Ҳиндистоннинг Ҳаво сифатини бошқариш комиссияси ҳавонинг кескин ёмонлашиши ортидан ифлосланишга қарши жавоб ҳаракати режасининг энг юқори даражасини жорий қилган. Оқибатда эски дизель юк машиналарининг Деҳлига кириши тақиқланиб, қурилиш фаолияти тўхтатилган ва ёш болалар учун мактаблар гибрид-онлайн дарс шаклига ўтишга мажбур бўлган.
Ҳаво сифатининг ёмонлашуви сабаблари бир нечта омиллар билан боғланмоқда. Хусусан, саноат чиқиндилари, транспорт воситаларининг заҳарли тутуни, ҳароратнинг тушиши, шамол тезлигининг пастлиги ҳамда қўшни штатлардаги фермерларнинг далалардаги ўсимлик қолдиқларини ёқиши шулар жумласидандир. Ҳукумат аҳолини, айниқса, юрак ёки нафас олиш йўллари касалликлари борларни уйда қолишга ва кўчага чиққанда ниқоб тақишга чақирган.
Заҳарли ҳаво Деҳли ва унинг атрофидаги ҳудудлар учун, айниқса, қиш мавсумида такрорланувчи муаммога айланган. Ҳиндистон Олий суди ҳам адвокатлар ва даъвогарларга эшиттиришларда виртуал қатнашишни маслаҳат берган. Федерал ҳукуматнинг шу ой бошида парламентга берган ҳисоботига кўра, 2022-2024 йиллар оралиғида Деҳлидаги олтита давлат шифохонасида 200 мингдан ортиқ ўткир респиратор касаллик ҳолатлари қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Ҳиндистон пойтахтидаги Red Fort метроси яқинида автомобиль портлаши оқибатида камида саккиз киши ҳалок бўлганди.
Нигора Муҳаммадиева
Live
Барчаси