Ҳусанов “Сити”да мавсумнинг энг яхши футболчиси мукофотига номзод бўлди
Спорт
−
12 Май 4108 1 дақиқа
“Манчестер Сити” 2025-2026 йилги мавсум якунлари бўйича “шаҳарликлар”нинг энг яхши футболчиси мукофоти учун номзодлар рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳам ўрин олган. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, “Манчестер Cити”да мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун ҳозирда 25 та номзод номи кўрсатилган. Жамоанинг энг яхши футболчиси учун овоз бериш жараёни аллақачон бошланган бўлиб, у жорий йилнинг 15 майига қадар давом этади. Шундан сўнг овоз беришнинг якуний босқичига йўл оладиган уч нафар финалчи аниқланади.
Таъкидлаш жоиз, Ҳусанов ушбу мавсум давомида икки бор – январь ва март ойларида “Манчестер Сити”да ойнинг энг яхши футболчиси деб топилган.
Маълумот учун, ўтган мавсумда мазкур мукофотни хорватиялик ҳимоячи Йошко Гвардиол қўлга киритганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Манчестер Сити” жамоаси афсонаси Серхио Агуэро Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинини юқори баҳолаб, агар шу темпда давом этса, дунёнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири бўлишини айтганди.
Live
Барчаси