Ҳусановнинг “Ливерпуль”га қарши ўйини қандай баҳоланди?
Спорт
−
09 Февраль 11796 1 дақиқа
Кеча, 8 февраль куни Англия Премьер-лигаси 25-тури доирасида “Ливерпуль” ҳамда “Манчестер Сити” жамоалари ўзаро тўқнаш келди. Унда меҳмонлар – “Сити” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувда ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов 61 дақиқа майдонда ҳаракат қилди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимнинг 74-дақиқасида Доминик Собослаи жарима зарбасидан унумли фойдаланиб, мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан 10 дақиқа ўтиб, 84-дақиқада Бернарду Силва мувозанатни тиклади.
Ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда эса Эрлинг Холанд пенальтини аниқ амалга ошириб, “Манчестер Сити”га ғалаба келтирди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов учрашувнинг 61-дақиқасида жароҳат олиб, унинг ўрнига Рубен Диаш майдонга туширилди. Бир бўлимдан сал кўпроқ ҳаракат қилган ҳимоячининг ўйини “SofaScore” портали томонидан 6,5 баллга баҳоланди.
Шу тариқа, “Манчестер Сити” чемпионатдаги очколарини 50 тага етказиб, турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Лондоннинг “Арсенал” жамоаси эса 56 очко билан пешқадамликни сақлаб қолмоқда.