1 декабрдан нималар ўзгарди?

Жамият

image

Ўзбекистонда 2025 йил 1 декабрдан эътиборан мамлакатда бир қанча ўзгаришлар кучга кирди. QALAMPIR.UZ ушбу ўзгаришларнинг айримларини бир ерга жамлади.

AI-80 бензинининг сотуви ҳам, олиб келиниши ҳам тақиқланади

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда пул тежаш мақсадида, асосан, шу AI-80 бензинидан фойдаланилган, аммо бу турдаги бензин ҳавога жуда катта зарар келтирган. Шу туфайли 1 декабрдан бошлаб AI-80 бензинининг сотуви ҳам, олиб келиниши ҳам – ҳаммаси тақиқланади.

Ўзбекистон Президентининг жорий йил 30 январдаги “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан жорий йил якунига қадар аҳолини сифатли, экологик тоза ва арзон ёқилғи билан таъминлаган ҳолда АI-80 маркали автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотиш чекланиши лозим эди. “Ўзбекнефтгаз” АЖ 2 сентябрдан бошлаб АI-80 бензинини биржа савдолари орқали сотишни тўхтатди

Никоҳдан ўтишда тиббий кўрик маълумотномаси талаб қилинмайди

Жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Ўзбекистонда никоҳни расмийлаштиришда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларини тақдим қилиш талаби бекор қилинади. Бу ҳақда Президент томонидан кеча, 8 сентябрь куни қабул қилинган “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда сўз боради.

Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб қуйидагилар белгиланди:

  • 2028 йилгача ЯИДХП (my.gov.uz) ва давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этиладиган хизматлар сонини 900 тага етказиш;
  • проактив давлат хизматлари сонини 53 тага ҳамда композит давлат хизматларини 74 тага етказиш.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 декабрдан идоралараро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали қуйидагилар бекор қилинади, жумладан:

  • никоҳни расмийлаштиришда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларини тақдим қилиш талаби;
  • никоҳдан суд қарори асосида ажратилганда никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини шакллантириш учун ФҲДЁ органлари томонидан суд қарорининг талаб қилиниши;
  • автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасида автомототранспорт воситаси мулкдорининг манзилини кўрсатиш талаби.

Дарахт кесишга ариза бераётганларни жамоатчилик кузатиб туради

2025 йил 1 декабрдан бошлаб Экология вазирлиги атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизими жамоатчилик учун очиқ бўлишини таъминлайди ва қуйидаги маълумотларни жойлаштириб боради:

  • ҳар йили “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экиладиган дарахт ва кўчатлар ҳақида (манзили, парваришлаш учун масъул шахслар, кўчат тури ва бошқалар);
  • давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш мақсадида тақдим этилган аризалар ҳақида (мурожаатчилар, дарахтлар сони, тури ва манзили) ва дарахтни кесиш бўйича ўтказиладиган жамоатчилик эшитуви ҳақида (санаси, вақти, манзили ва натижалари);
  • сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олиш бўйича жорий қилинган мораторий тартибини бузган шахслар ҳақида;
  • мўлжалланаётган ва (ёки) режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолиятининг ҳамда бошқа фаолиятнинг атроф-муҳитга эҳтимол тутилган таъсири масалаларини аҳоли ва жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган жамоатчилик эшитувлари натижалари ҳақида;
  • стратегик экологик баҳолаш объектлари, жумладан, шаҳарсозлик ҳужжатларининг барча турлари, давлат дастурларининг, концепцияларининг, ишлаб чиқариш кучларини, иқтисодий ва ижтимоий соҳа тармоқларини жойлаштириш ҳамда ривожлантириш схемаларининг лойиҳалари юзасидан жамоатчилик эшитуви натижалари ҳақида;
  • экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ўтказилган рейдлар, текширувлар, мониторинглар натижасида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар ҳақида;
  • ҳудудларга қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун бириктирилган санитар-тозалаш корхоналари (корхона номи, раҳбари ва унинг ўринбосари фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг телефон рақамлари, диспетчерлик хизмати ва мурожаатларни қабул қилиш хизмати маълумотлари, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш режа-графиклари) ҳақида;
  • чиқиндиларни қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш ва ёқиш орқали муқобил энергия ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар ҳақида (корхона номи, фаолият тури, телефон рақамлари, иккиламчи хомашё, сараланган чиқиндиларни қабул қилиш масканлари манзиллари).

Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекнефтгаз AI-80 бензини

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг