160 минг одамнинг Россияга кириши тақиқланди

Олам

image

Россия 2025 йил бошидан буён 160 мингдан ортиқ чет эл фуқаросининг мамлакатга киришини тақиқлаган. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги Миграция хизмати Ташқи ва меҳнат миграцияси департаментидаги манбаларига таяниб, РИА Новости хабар берди.

Хабарга кўра, мамлакат ҳудудига илгари кириш тақиғи қўйилган бўлса-да, аммо исмини ўзгартириб қайта киришга уринган тахминан 3000 нафар чет эл фуқаросининг ҳаракатлари фош этилиб, уларнинг Россияга кириши тўхтатилган. Чет элликларнинг кириши ва мамлакатда қолишини назорат қилиш кучайтирилгани туфайли қоидабузарликлар сони 30 фоизга ошган.

Шу давр мобайнида Россиядан чиқиб кетишдан қочган чет элликлар сони 2,5 баравар кўпайган, ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ жиноятлар 45 фоизга ошган, миграция ҳужжатларини қалбакилаштириш, тайёрлаш ёки сотиш билан боғлиқ жиноятлар 22 фоизга ортган. Бундан ташқари, йил бошидан буён бозорлар, қурилиш майдончалари, савдо марказлари, меҳмонхоналар ва ётоқхоналарда 200 мингдан ортиқ мигрант текширувдан ўтказилган.

Шунга қарамай бу кўрсатгич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан паст ҳисобланади. Хусусан, 2024 йил октябрь ойида Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев йилнинг дастлабки ўн ойида тахминан 180 минг чет эл фуқароси мамлакатга киритилмагани ҳақида маълум қилганди. Бу йил эса бу кўрсатгич 160 мингдан ошган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва вилоятида ўтказилган рейддан сўнг омборлар мажмуасида ишлаган 96 нафар мигрант Россиядан депортация қилингани, 2025 йилнинг 5 февралидан, яъни назорат остидаги шахслар реестри ишга туширилгандан буён 35 мингга яқин одам иммиграция қонунчилигини бузгани учун Россиядан депортация қилингани ҳақида хабар берилганди.

Комила Қобилова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг