Ҳар баҳор шу бўлар такрор ёхуд Тошкентни сув босди!
Таҳлил
−
04 Май 3522 2 дақиқа
Кеча, 3 май куни ёққан кучли ёмғир оқибатида пойтахт кўчалари сувга тўлди. Кўплаб хонадонларга сув кириб кетди. Бундан ташқари, Чорсу метро бекати ҳам сув оқоваси билан тўлди. Вазиятни яқиндан ўрганиш мақсадида QALAMPIR.UZ воқеа жойига чиқиб ўрганди.
Маълум бўлишича, метро бекати Эски Жува – Чорсу бозори атрофидаги пастқам ҳудудда жойлашган. Шу сабаб, бозор томондан келган оқова сувлар тўғридан тўғри бекат томонга оқиб тушган. Вазиятни янада оғирлаштиргани – ҳудуддаги айрим дренаж тизимлари сунъий равишда беркитиб қўйилганидир.
Шунга қарамай, кучли ёғингарчилик метро фаолиятига жиддий таъсир кўрсатмаган. Қатновлар тўхтамаган, бекат жиддий талафот кўрмаган.
“Тошкент метрополитени техник базасида махсус сув тортувчи насослар мавжуд. Сув бекат ичкарисига ўтмаган, ички дренаж тизими ва насослар ёрдамида вазият тезда бартараф этилди”, дейди “Тошкент метрополитени” ДУК ходими Иброҳим Исмоилов.
Воқеа жойига Тошкент шаҳар ҳокими ҳамда Шайхонтоҳур тумани раҳбарияти ҳам етиб келиб, ҳолатни ўрганди. Ҳокимлик вакилига кўра, 2025 йилда пойтахт бош режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга мувофиқ дренаж тизимларини 2050 йилгача босқичма-босқич реконструкция қилиш режалаштирилган. Аммо бу муддат шунчалик узоқки, у ҳатто мамлакатнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегик режаларидан ҳам “буюкроқ” кўринади.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.
Live
Барчаси