“Афросиёб” поездига нисбатан қўпорувчилик қилинди (видео)
3-саҳифа
−
14 Август 28222 2 дақиқа
Жорий йилнинг 14 январь куни кечки вақт улар Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани “Бурқут” МФЙ ҳудудида “Афросиёб” электропоездига нисбатан қўпорувчилик ҳаракати содир этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, “Зиёвуддин-Навоий” темирйўл бекатлари оралиғининг 3872-км ҳудудида оғирлиги 110 кг бўлган темир-бетон шпални “Афросиёб” электропоезди ҳаракатланувчи темирйўл рельси устига кўндаланг ҳолатда қўйиб кетилган. Орадан 15-20 дақиқа ўтиб, “Тошкент-Бухоро” йўналишида 159 км/с тезликда ҳаракатланаётган, жами 148 нафар йўловчиси бўлган “Афросиёб” тезюрар поезди темир-бетон шпал билан тўқнашган. Бунинг оқибатида поезднинг ҳаракатлантирувчи қисмларига жиддий шикаст етган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу ишни ким қилгани аниқланган.
Аниқланишича, “Темирйўлинфратузилма” АЖ Бухоро минтақавий темир йўл узели “Зиёвуддин темир йўл масофаси” корхонасида темирйўл тўсиқлари бўйича бригадир лавозимида фаолият юритувчи, Навоий шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган фуқаро 2023 йилнинг декабрь ойида корхонада бригадир штат бирлиги тугатилгач, у йўл созловчиси ва темирйўл тўсиқлари қўриқчиси вазифасига ишга ўтказилган.
Лекин собиқ бригадир ўз норозилигини раҳбариятга кўрсатиб қўйиш мақсадида Кармана туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган ҳамкасби билан юқоридаги жиноий режани тузган.
Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 161-моддаси (Қўпорувчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан эса қонунбузарлар қўпорувчилик ҳаракатини содир этганликда айбдор деб топилиб, уларнинг бирига 13 йил, иккинчисига эса 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, қўпорувчилик ҳаракати оқибатида судланувчилар томонидан “Афросиёб” поездига 260 млн сўм миқдорида зарар етказилганлиги боис, ушбу пул маблағи давлат ҳисобига ундириб олинган.
Live
Барчаси