АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Куба мамлакатидан таҳдид мавжудлиги сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат режимини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат Оқ уй томонидан эълон қилинди.

Фармонга кўра, эндиликда Қўшма Штатлар Кубага тўғридан тўғри ёки билвосита нефть етказиб берадиган ҳар қандай давлатдан импорт қилинадиган маҳсулотларга қўшимча божлар жорий этиши мумкин.

Трамп бу қарорни Куба ҳукумати АҚШ манфаатларига зарар етказувчи ва хавф туғдирувчи “фавқулодда чоралар” кўраётгани билан изоҳлаган. Ҳужжатда таъкидланишича, Куба расмийлари АҚШга нисбатан душманона муносабатда бўлган давлатлар ва гуруҳлар, жумладан Россия, Хитой, Эрон, шунингдек ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” билан ҳамкорлик қилмоқда.

“Миллий фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун тариф тизимини жорий этиш зарур ва мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Ушбу тизимга мувофиқ, Кубага нефть сотаётган ёки бошқа йўл билан етказиб бераётган хорижий давлат маҳсулотлари импортига қўшимча бож қўлланиши мумкин”, деган Трамп.

Сўнгги пайтларда Трамп маъмурияти Куба иқтисодиётидаги оғир вазиятга ишора қилиб, оролда ҳукумат тез орада қулашини тез-тез таъкидламоқда ва Вашингтон Куба ва унинг иттифоқчиларига босимни кучайтирмоқда. АҚШ расмийлари оролда ҳокимият алмашувини кўришни истаётганини очиқ айтиб келмоқда.

“Politico” нашрининг ёзишича, Вашингтонда муҳокама қилинаётган чоралар орасида Кубага нефть етказиб беришни тўлиқ блоклаш ҳам бор. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Кубага нефть етказиб беришни тўхтатиш мақсадида ҳарбий-денгиз блокадаси жорий этиш имкониятини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Куба ҲАМАС Ҳизбуллоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг