АҚШдаги хосиятсиз шоуда икки самолёт тўқнашиб кетди (видео)
Олам
−
09:32 2934 1 дақиқа
АҚШнинг Айдахо штатидаги Маунтин-Хоум авиабазаси ҳудудида ўтказилган Gunfighter Skies авиашоуси вақтида осмонда икки қирувчи самолёт тўқнашиб кетди. Бу ҳақда “ Idaho Statesman” хабар берди.
Boeing EA-18G Growler русумидаги икки ҳарбий самолёт намойиш парвози вақтида авиабазадан тахминан 3 километр шимоли-ғарбида тўқнашган.
Ҳодисадан кейин осмонда тўртта парашют кўринган, воқеа жойидан эса қора тутун кўтарилган. Кўп ўтмай томошабинларга экипаж аъзолари муваффақиятли катапульта қилингани, барча тўрт учувчи топилгани ва хавфсиз экани маълум қилинди.
Маунтин-Хоум авиабазаси маъмурияти ҳодиса жойида қутқарув хизматлари иш олиб бораётгани ва тергов бошланганини билдирди.
Шундан сўнг авиашоу бекор қилинди. Маҳаллий полиция аҳолидан авиабаза томон бормасликни сўраган.
Нашрнинг ёзишича, Gunfighter Skies авиашоуси сўнгги саккиз йилда илк бор ўтказилаётган эди. 2018 йилда бўлиб ўтган сўнгги шоу пайтида дельтаплан учувчиси ҳалок бўлган.
2025 йил ноябрида эса Dubai Airshow вақтида HAL Tejas қирувчи самолёти ҳалокатга учраб, учувчи вафот этган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия жануби-ғарбидаги Лимбургерхофда (Рейнланд-Пфальц федерал ери) енгил моторли самолёт қулаши оқибатида икки киши ҳалок бўлганди.
Live
Барчаси