Андижондаги “тозалаш”да қидирувдаги 30 киши ушланди (видео)
3-саҳифа
−
22 Февраль 2025 7098 2 дақиқа
Андижон вилоятида олиб борилган “Тозалаш” комплекс тезкор-профилактик тадбирларида 106 та жиноий, 596 та маъмурий, жами 702 та ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
117 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган бўлса, 633 нафар шахсга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. 39 та жиноят фош этилиб, 30 нафар қидирувдаги шахс ушланди. 1123 нафар шахс расмий огоҳлантирилди. Қўлга олинган жиноий гуруҳ ва шахслардан 4,5 килограмм гиёҳвандлик воситалари, 1453 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари, 24 та ноқонуний қурол, 478 дона тиғли буюмлар олиниб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.
Шунингдек, тезкор тадбирда 2006 ва 2002 йилда туғилган икки нафар шахс қўлга олинди. Улар ўзаро тил бириктириб, 1988 йилда туғилган аёлнинг шахсига доир маълумотларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш билан қўрқитиб, 5000 доллар талаб қилган. Ушбу пуллардан 2500 долларини олган вақтида жиноий гуруҳ аъзолари ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида ер ресурсларини ноқонуний талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатга чек қўйилди. Хўжаобод туманида яшовчи шахс 2 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб беришини айтиб, эвазига 300 минг доллар талаб қилган. У келишилган пулдан 50 минг долларни олган вақтида ушланди.
Бундан ташқари, 1967 йилда Андижон шаҳрида туғилган шахснинг яшаш уйи ертўласида гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланди. У 2 килограмм 37 грамм марихуана ҳамда 86 дона кучли таъсир этувчи дори воситаларини сотиш мақсадини кўзлаб, сақлаб келаётгани фош этилди.
Шу билан бирга, тадбир давомида 2 нафар шахс 2024 йилнинг август ойидан буён Андижон шаҳридаги хонадонида моддий манфаат эвазига 13 нафар вояга етмаганларга ноқонуний диний сабоқ бериб келаётгани аниқланди.
Тадбирлар Андижон туманида ҳам давом эттирилди. Ушбу туманда яшовчи шахс 1988 йилда туғилган шахс 7 фуқарога ноқонуний диний сабоқ бериб келган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳозирда суриштирув тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерни 2 млн 400 минг долларга сотиб юбормоқчи бўлган шахс ушланганди.
Live
Барчаси