Ангренда вояга етмаган қизни зўрлаганларга ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
13 Март 9152 3 дақиқа
2025 йил ёзда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида вояга етмаган 15 ёшли қиз 4 йигит томонидан зўрлангани жамиятда катта резонанс уйғотиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Мазкур иш бўйича суд жараёни якунланиб, айбдорларга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Қайд этилишича, бугун, 13 март куни жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судида С. Қ. (2006 йилда Тошкент вилоятида туғилган), З. У. (2004 йилда Тошкент вилоятида туғилган), Д. Ў. (2004 йилда Тошкент вилоятида туғилган) ва А. У. (2003 йилда Тошкент вилоятида туғилган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинган.
Ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.
Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ, С. Қ., З. У., Д. Ў. ва А. У. вояга етмаган С. Я. (қиз бола, 2010 йилда туғилган)га нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 3-қисми “а” банди, 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 3-қисми “а” банди, 28,118-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28,119-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларини содир этганликда айбли деб топилган.
- С. Қ. (жиноят содир этилган вақтда вояга етмаган)га 118-моддаси 3-қисми “а” банди билан Жиноят кодексининг 85-моддаси (озодликдан маҳрум қилиш)га асосан 10 йил;
- З. У.га 118-моддаси 3-қисми “а” банди, 119-моддаси 3-қисми “а” банди, 28,118-моддаси 3-қисми “а” банди ва 28,119-моддаси 3-қисми “а” банди билан 12 йил;
- Д. Ў.га 118-моддаси 3-қисми “а” банди ва 119-моддаси 3-қисми “а” банди билан 10 йил 6 ой;
- А. У. (II гуруҳ ногирони)га 118-моддаси 3-қисми “а” банди ва 119-моддаси 3-қисми “а” банди билан 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилоят судининг апелляция/кассация инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.
Болалар омбудсманига кўра, дастлабки тергов ва суд жараёнида вояга етмаган жабрланувчи С.Я. билан боғлиқ тергов ва суд ҳаракатларни олиб боришда боланинг қўшимча стресс ва руҳий травма олишига йўл қўймаслик ҳамда малакали педагог ва психолог иштирокини таъминланишига алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, жиноят иши юритуви давомида жабрланувчи қизга Болалар омбудсмани сўрови асосида доимий равишда психолог кўмак таъминланган (ҳозирда боланинг психологик-эмоционал ҳолати нисбатан барқарорлашган). Шунингдек, Болалар омбудсмани мазкур жиноят ишининг судда кўрилиши босқичида бевосита иштирок этган.
Болалар омбудсмани сўровига кўра, С.Я.нинг онаси ўз ота-оналик мажбуриятларини муттасил равишда бажармаганлиги туфайли тегишли тартибда оналик ҳуқуқидан маҳрум этилиб, боланинг қонуний вакили сифатида суд жараёнида васийлик органи – “Инсон” маркази масъуллари қатнашган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2025 йилнинг 9 апрель куни Ангрен шаҳар ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова 24 июль куни Ангренга бориб, жабрланган қиз билан боғлиқ вазиятни ўрганганди. Қизга нисбатан жинсий тажовуз бўлганидан сўнг у Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган тиббий муассасага кўчирилган.