Apple ва Google дунёни киберхавф ҳақида огоҳлантирди

Технология

image

Apple ва Google дунё бўйлаб фойдаланувчиларга киберкузатув билан боғлиқ жиддий хавф ҳақида янги огоҳлантиришлар юборди. Жосуслик фаолияти Покистон, Қозоғистон, Ангола, Миср, Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва Тожикистонда қайд этилган. Бу ҳақда Google'нинг Таҳдидларни таҳлил қилиш гуруҳи хабар берди.

Қайд этилишича, бу каби хабарлар икки компания томонидан фақат давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган юқори даражадаги ҳужумлар аниқланганда тарқатилади. Google Intellexa Group томонидан амалга оширилган кузатув кампанияси ҳақида маълум нишон фойдаланувчиларни огоҳлантирмоқда.

Intellexa – АҚШ санкциялари остидаги киберразведка компанияси бўлиб, унинг Predator номли Spyware дастури сўнгги йилларда журналистлар, сиёсий фаоллар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши қўллангани айтилади. Google Intellexa халқаро чекловларга қарамай, фаолиятини давом эттираётгани ва уларнинг технологиялари глобал киберхавфсизликка жиддий таҳдид солаётганини маълум қилди.

Apple ҳам декабрь ойи бошидан дунё бўйлаб фойдаланувчиларга огоҳлантиришлар юбораётганини тасдиқлади. Компания нечта фойдаланувчи нишонга олингани ҳақида маълумот бермаган бўлса-да, “150 дан ортиқ мамлакатдаги фойдаланувчиларга огоҳлантириш юбордик”, дея баёнот берди.

Apple одатда бундай хабарларни iPhone’даги ноль-кунли (zero-day) заифликлар орқали амалга оширилган юқори даражадаги мураккаб хакерлик ҳужумлари тасдиқланганда йўллайди.

Intellexa, NSO Group ва шунга ўхшаш тижорат жосуслик компаниялари ишлаб чиқарган spyware дастурлари кўплаб давлатларда сиёсий рақобат, фуқаролик жамияти фаоллари ва журналистларни кузатиш мақсадида қўлланаётгани халқаро терговларда қайд этилган. 

Бундай дастурлар оддий фойдаланувчилардан кўра муҳим шахсларни – журналистлар, фаоллар, дипломатлар ва бизнес раҳбарларини нишонга олади. Жосуслик фаолияти Покистон, Қозоғистон, Ангола, Миср, Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва Тожикистонда қайд этилгангани баёнотда келтирилган.

Apple ва Google томонидан бир вақтнинг ўзида юборилган кенг кўламли огоҳлантириш глобал таҳдиднинг қанчалик кучайганини кўрсатади. Мутахассисларнинг фикрича, кибержосуслик технологиялари кенгайиб бораётгани сабабли давлатлар ҳам, технологик компаниялар ҳам ўз ҳимоя механизмларини янада мустаҳкамлашга мажбур бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Galaxy телефонларида “жосуслик иловаси” аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Маълумотларга кўра, AppCloud Исроилда ишлаб чиқилган бўлиб, у кузатув функцияларига эга бўлиши мумкин. Текширувлар дастур операцион тизимга чуқур интеграцияланганини ва уни тўлиқ ўчириб ташлашнинг имкони йўқлигини кўрсатган.


Мақола муаллифи

Теглар

Google Apple Жосус технология киберхавфсизлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг