Ашраф Ҳакими Африкадаги йил футболчиси деб топилди

Спорт

image

ПСЖ клуби ҳимоячиси Ашраф Ҳакими  2025 йилнинг энг яхши африкалик футболчиси деб топилди. Шу тариқа Ҳакими 52 йилдан буён бу совринни қўлга киритган илк ҳимоячига айланди. Бу ҳақда “CAF online” хабар берди.

Тақдирлаш маросими кеча, 19 ноябрь куни Марокаш пойтахти Работда бўлиб ўтди. Бош совринни қўлга киритиш учун марокашлик футболчи “Ливерпуль” ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ ва “Галатасарой” форварди Виктор Осимхенни ортда қолдирди. Ҳакими 1998 йилдан бери ушбу совринга даъвогар бўлган илк марокашлик футболчи бўлди. Охирги марта марокашлик Мустафа Хажи бу мукофотни қўлга киритган эди.

27 ёшли ўнг қанот ҳимоячиси 2025 йилда ПСЖ билан Чемпионлар Лигаси, UEFA Суперкубоги, Франция чемпионати ва кубогида ғолиб чиқди ҳамда FIFA Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати финалига етиб борди. Шунингдек, Марокаш терма жамоасининг Жаҳон чемпионати–2026 учун йўлланмани қўлга киритишида муҳим роль ўйнади.

“Ҳақиқатан ҳам фахрланяпман. Бу соврин нафақат мен учун, балки болалигидан футболчи бўлишни орзу қилган барча африкаликлар учун”,  дейди Ҳакими совринни қўлга олгач.

Марокашлик Гизлан Шеббак йилнинг энг яхши аёл футболчиси деб топилди. У Африка Миллатлар Кубоги–2025 мусобақасида бешта гол уриб, тўпурарлик пойгасида ғолиб бўлган эди. Финалда Нигерияга имкониятни бой берганига қарамай, футболчи Африкада йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Шеббак ҳозирда Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубига фаолият юритмоқда.

Шунингдек, Яссин Буну “Йилнинг энг яхши эркак дарвозабони” ва Кабо-Верде терма жамоаси бош мураббийи Бубиста “Йилнинг энг мураббийи” деб топилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Африка UEFA Ашраф Хакими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг