Айбдорларга қатъий жавобгарлик кўрилиши шарт – Болалар омбудсмани боғчалардаги заҳарланиш ҳақида
3-саҳифа
−
27 Сентябрь 5552 3 дақиқа
Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар оммавий заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат бўйича Болалар омбудсмани дастлабки ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Қайд этилишича, таълим муассасаларида болалар оммавий заҳарланиши ҳолатлари боланинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқини таъминланлаш мониторинги доирасида Болалар омбудсмани томонидан алоҳида назоратга олинади ва ўрганилади. Ўрганишлар кўрсатмоқдаки, болалар овқатланиши хавфсизлигини таъминлашга оид қонунчилик талаблари ва белгиланган стандартларга риоя этмаслик бу борада назорат механизмларининг етарлича самарали йўлга қўйилмагани оқибатида болалар саломатлигига зарар етиш ҳолатлари юзага келмоқда.
Тошкент вилоятининг қатор туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида юз берган салбий вазият айнан шундан далолат беради.
“Албатта, тергов органлари томонидан ҳолатга тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилиб, барча айбдор шахсларга қонун доирасида қатъий жавобгарлик чоралари кўрилиши шарт. Шу билан бирга, бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, жумладан, таълим муассасаларида болаларни овқатланиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида соҳани тартибга солувчи стандартларга риоя қилиниши устидан алоҳида қатъий сифат назорати ўрнатилиши лозим”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, бундай сифат назорати механизми болалар овқатланишига оид хизматларни кўрсатиш тизимини доимий мониторинг қилиш орқали амалга оширилиши керак. Хусусан, хизмат кўрсатувчи (аутсорсер) корхоналар ўз фаолиятида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ олиб бораётгани, озиқ-овқат маҳсулотларининг белгиланган талабларга жавоб бериши ва бошқа стандартларга риоя этиш даражаси доимий ўрганилиши керак.
Шунингдек, болалар овқатланишига оид хизматларни кўрсатишга оид шартномалар тузишда инсон омилини минималлаштириш орқали коррупсиявий хавфларни бартараф этиш зарур. Яна бир муҳим превентив чора – болалар учун сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларни етказиб берган субъектларнинг мазкур фаолият билан қайта шуғулланишига йўл қўймайдиган қатъий механизм жорий этиш ҳисобланади.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан болалар овқатланиши хавфсизлиги соҳасидаги муаммоларни ўрганиш натижалари ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар мутасадди идораларга тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу ҳолат ортидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланганди.
Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилишича, жами 1922 нафар, шу жумладан, бемор болалар билан мулоқотда бўлган бошқа болалар ҳам тиббий кўрик билан қамраб олинган, улардан 959 нафарида ҳеч қандай клиник белгилар бўлмагани учун дарҳол уйларига жавоб бериб юборилган. Қолаверса, 269 болага даволанишдан сўнг уйига жавоб берилган. Ҳозирги кунда эса Тошкент вилоятидаги шифохоналарда 694 бола даволанмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, уларнинг 13 нафари ўртача оғир аҳволда.
Live
Барчаси