“Барселона” етакчиси узоқ муддатга сафдан чиқди
Спорт
−
24 Сентябрь 2791 2 дақиқа
Испаниянинг “Барселона” жамоаси ярим ҳимоячиси Гави тиззасидаги жароҳати туфайли операция қилинганидан кейин 5 ойга сафдан чиқди. Испаниялик футболчининг майдонга қайтиши 2026 йилнинг бошига тўғри келади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
“Гави тиззасидан олган жароҳатини бартараф этиш учун артроскопия операциясидан ўтди. Тикланиш муддати тахминан 5 ойни ташкил қилади”, дейилади клуб баёнотида.
Маълумот учун, Гави “Барселона” сафида жами 155 та ўйинда майдонга тушиб, 10 та гол урган ва 18 та голли узатмани амалга оширган. Футболчининг жароҳати “Барселона”га жиддий муаммо туғдириши мумкин, сабаби жамоа ярим ҳимоячиси Фермин Лопес ҳам жароҳати сабаб 3 ҳафтага сафдан чиққан. Таянч ярим ҳимоя позициясида ўйновчи Марк Бернал эса хочсимон жароҳати сабаб 1 йиллик даволанишдан сўнг эндигина сафга қайтган.
“Барселона” жорий йилнинг 25 дан 26 сентябрга ўтар кечаси “Реал Овьедо” меҳмони бўлади. 1 дан 2 октябрга ўтар кечаси UEFA Чемпионлар лигасида Франциянинг ПСЖ жамоасини ўз майдонида қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, Гави ҳам 2023 йилнинг ноябрь ойида хочсимон пайлари жароҳатлангани учун 1 йиллик даволанишдан сўнг, ўтган мавсумнинг октябрь ойида сўнг сафга қайтган эди.
Live
Барчаси