Биз сиёсий ўйинларга йўл қўймаймиз – Жапаров
Олам
−
27 Февраль 2477 4 дақиқа
Қирғизистонда сиёсий ўйинларга йўл қўйилмайди, чунки улар тартибсизлик ва аҳолининг ишончи йўқолишига олиб келади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Садир Жапаров давлат қароргоҳида ўтказилган республика йиғилишида сўз очди.
Жапаров мазкур йиғилишда барча давлат хизматчилари, ҳатто энг чекка қишлоқлардаги раҳбарларгача 2030 йилгача мўлжалланган стратегияда белгиланган вазифаларни бажариш устида ишлаши шартлигини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир давлат органи ва ҳар бир раҳбарнинг ягона вазифаси халққа хизмат қилишдир. Унинг айтишича, ҳокимиятнинг бирор тармоғи сиёсий ўйинлар ўйнаш, босим ўтказиш ёки ўз фикрини мажбуран қабул қилдириш учун тузилмаган.
“Биз сиёсий ўйинларга йўл қўймаймиз, чунки улар тартибсизлик ва аҳолининг ишончи йўқолишига олиб келади. Илгари сиёсий амбициялар давлат органлари вазифалари билан аралашиб кетган, бу эса тараққиётга тўсқинлик қилиб, институтларни емирган. Қарорлар халқ манфаатлари учун эмас, алоҳида гуруҳлар фойдаси учун қабул қилинган. Шу сабабли мамлакат ўнлаб йиллар давомида жойида қолиб кетди”, дейди Президент.
Шунингдек, Жапаров ҳозирги шароитда давлат хизматчиларининг хато қилишга ҳаққи йўқлигини, сиёсий интригаларга аралашиш ҳақида эса умуман гап бўлиши мумкин эмаслигини айтган. Уларнинг барчаси фақат ўз хизмат вазифаларини бажариши кераклигини таъкидлаган.
Эсалтиб ўтамиз, аввалроқ аввалроқ Қирғизистоннинг “Номад” телеканали томонидан ўтказилган социологик сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 81 фоизи Президент Садир Жапаровнинг фаолиятини ижобий баҳолаганди. 14 фоиз иштирокчи эса унинг ишига салбий муносабат билдирган.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси