БМТ АҚШнинг Кариб денгизидаги кемаларга ҳужумларини қоралади

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти АҚШнинг Кариб денгизи ва Тинч океанида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланаётган деб тахмин қилинаётган кемаларга қарши амалга оширган ҳаво ҳужумларини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқни бузиш деб ҳисоблаб, уларни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ABC News нашрига берган баёнотида маълум қилди.

Тюркнинг сўзларига кўра, бу ҳужумлар халқаро ҳуқуқ нормаларига зид бўлиб, уларнинг оқибатларини текшириш учун мустақил суриштирув ўтказилиши керак.

“Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуққа мувофиқ, ўлимга олиб келувчи кучни қўллаш фақат ҳаётга бевосита таҳдид солаётган шахсларга нисбатан сўнгги чора сифатида қўлланиши мумкин”, дейди у.

Тюркнинг айтишича, уларнинг қандай жиноятларда айбланаётганидан қатъи назар АҚШ бундай ҳужумларни дарҳол тўхтатиши ва кемалардаги одамларга нисбатан судсиз қатл каби ҳолатларнинг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўриши лозим.

Оқ уй бу баёнотга жавобан АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакат хавфсизлигига таҳдидларни бартараф этиш устида ишлаётганини билдирган.

“БМТ эскалаторни бошқаришдан тортиб урушларни тўхтатишгача бўлган барча соҳаларда муваффақиятсизликка учради. Энди улар Президент Трампга дарс бермоқчи ва америкаликларни ўлдиришга уринаётган ёвуз наркотеррорчиларни ҳимоя қилмоқда. Президент қуролли тўқнашувлар қонунларига мувофиқ равишда мамлакатимизни денгизларимизга ўлим олиб келмоқчи бўлганлардан ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилди ва у картелларга қарши курашиш ҳамда миллий хавфсизликни таҳдид қилаётган бу хавфларни йўқотиш бўйича ўз ваъдасини бажармоқда”, дейди Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Анна Келли.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп маъмурияти Вашингтон томонидан АҚШга наркотиклар олиб киришда айбланаётган Венесуэла раҳбари Николас Мадурага босимни кучайтиришни режалаштираётгани, хусусан, Оқ уй Венесуэладаги бир қатор нишонларга, жумладан, “наркокартеллар ва Мадуро режими таъсир доирасидаги объектларга” ҳаво ҳужумлари тайёрлаётгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ БМТ Тинч океани Кариб денгизи Фолькер Тюрк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг