БМТ Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини “геноцид” деб тан олди

Олам

image
БМТ ходимлари Ғазодаги ҳаракатларни “геноцид” деб тан олишни талаб қилди north_east

БМТ ходимлари Ғазодаги ҳаракатларни “геноцид” деб тан олишни талаб қилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин ҳудуди бўйича мустақил халқаро тергов комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини “геноцид” деб тан олди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Ҳисоботда айтилишича, Исроил ҳукумати Ғазо секторидаги фаластинликларнинг репродуктив қобилиятини гуруҳ сифатида қисман йўқ қилди, шу жумладан, туғилишнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни қўллади ва фаластинликларни атайлаб жисмонан йўқ қилишга интилди.

Комиссиянинг асосий хулосалари:

  • Тель-Авив Жиноятнинг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияда белгиланган бешта геноцид актидан тўрттасини амалга оширди, Исроилнинг ҳаракатлари 1948 йилдан бери энг шафқатсиздир;
  • Исроил ҳарбийлари қуйидагиларда айбланмоқда: фаластинликларни ўлдириш, тўлиқ қамал қилиш, гуманитар ёрдамни тўсиб қўйиш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини йўқ қилиш, жинсий ва гендер зўравонлик қилиш, болалар, диний ва маданий объектларга ҳужум қилиш;
  • Мамлакат раҳбарлари, жумладан, Бош вазир Биньямин Нетаньяху геноцидни қўзғатган ва унинг олдини ололмагани учун жавобгардир;
  • Исроил очарчилик сиёсатини тўхтатиб, қамални олиб ташлаши ва инсонпарварлик ёрдамига тўсиқсиз киришига рухсат бериши керак;
  • Бошқа давлатлар Исроил Мудофаа кучларининг Ғазо ва босиб олинган ҳудудлардаги ҳаракатларини тўхтатиш учун барча воситалардан фойдаланиши керак.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги эса БМТ ҳисоботини рад этиб, у “ҲАМАС ёлғонлари”га асосланганини айтди. Вазирлик, шунингдек, халқаро комиссияни тарқатиб юборишга чақирди.

“Исроил бу бузиб кўрсатилган ва ёлғон ҳисоботни қатъиян рад этади ҳамда бу тергов комиссиясини зудлик билан бекор қилишга чақиради”, дейилади вазирлик муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 сентябрь куни Халқаро геноцид тадқиқотчилари ассоциацияси (International Association of Genocide Scholars – IAGS) олимлари эълон қилган баёнотда Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари геноцид мезонларига мос келиши айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

геноцид БМТ Исроил Ғазо сектори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг