Боғчалардаги заҳарланиш ортидан шифохонага ётқизилган болалар сони очиқланди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар оммавий заҳарлангани ҳақида берилган эди. Маълум бўлишича, ушбу ҳолат оқибатида 109 нафар бола шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 25 сентябрь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, вазир ўринбосари Азизбек Турдиев ушбу ҳолатни шахсан ўрганиш мақсадида Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон, Пискент ва Бўка туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида бўлган.

“Ҳолат нафақат Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, тегишли ташкилотлар назоратига ҳам олинган.  Хусусан, ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий ҳокимлик масъуллари билан ҳамкорликда боғчаларнинг айни вақтдаги ҳолати, ошхоналардаги мавжуд шароитлар кўздан кечирилди. Боғча раҳбарлари, тарбиячилар билан яқиндан мулоқот қилинди”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, айни пайтда Қуйи Чирчиқ туманида 12 нафар, Оққўрғон туманида 97 нафар бола шифокорлар назоратида бўлиб, уларнинг саломатлиги барқарор. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда эҳтиёт чораси сифатида Пискент ва Бўка туманларидаги МТТ тарбияланувчилари навбати билан шифокорлар назоратидан ўтказилмоқда. Ҳозиргача болалар соғлиғига жиддий хавф соладиган ҳолатлар аниқланмаган.

Юзага келган ҳолат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан назоратга олинган ва тергов жараёнлари бошланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу ҳолат ортидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошлангани ҳақида хабар берилган эди.

Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент вилояти заҳарланиш Боғча Эъзоза Каримова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг